Вақтинчалик низом тасдиқланди

Вақтинчалик низом тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларини аутсорсинг асосида хусусий сектор томонидан амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларини аутсорсинг асосида хусусий сектор томонидан амалга ошириш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди.

Низомда:

аутсорсерни аниқлаш, шартнома тузиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби;

аутсорсинг хизматларини молиялаштириш тартиби;

аутсорсер ва буюртмачининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;

аутсорсинг хизмати кўрсатилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш тартиби белгилаб берилган.

Қарорга кўра, 2024 йил 1 майдан бошлаб тажриба-синов тариқасида умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларига аутсорсинг асосида хусусий секторни жалб қилиш лойиҳалари бўйича эълонлар давлат харидларининг махсус ахборот портали ҳамда оммавий ахборот воситаларига, шунингдек, Автомобиль йўллари қўмитасининг расмий веб-сайтига жойлаштириб борилади.

Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларига аутсорсинг асосида хусусий секторни жалб қилиш бўйича ўтказиладиган тажриба-синов натижаларига кўра ижобий кўрсаткичларга эришилган тақдирда, 2025 йил 1 декабрга қадар кейинги йиллар учун аутсорсинг асосида эксплуатация қилинадиган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилади.

Тошкент давлат транспорт университетида йўл хўжалиги ходимлари, шу жумладан, хусусий сектор вакиллари учун “Автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш” йўналишида малака ошириш ва касбий қайта тайёрлаш дастури бўйича алоҳида ўқув курслари ташкил этилади.

Ушбу вақтинчалик низом 2026 йил 1 январга қадар амал қилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!