Тошкент III халқаро инвестиция форумида 26,6 млрд долларлик шартномалар имзоланди

Тошкент III халқаро инвестиция форумида 26,6 млрд долларлик шартномалар имзоланди

Ўзбекистонда III Халқаро инвестиция форуми ўз ишини якунлади. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 93 мамлакатдан 2,5 мингдан ортиқ делегатни жамлаган форум глобал мулоқот ва инвестициявий соҳадаги илғор тажриба алмашиш майдонига айланди. Тадбирнинг энг муҳим воқеаларидан бири Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикасининг Бош вазирлари иштирокида минтақавий энергетика лойиҳаларининг (Қамбарота ГЭС-1 ва Ёвон ГЭСини қуриш) хорижий инвесторларга тақдимоти бўлиб ўтди.

Форум якунига кўра, жами қиймати 26,6 млрд долларга тенг келишувлар имзоланди. Маълумот учун, 2023 йилги TXИФда 11 млрд долларлик 167 та ҳужжат имзоланганди.

Хусусан қуйидаги йирик инвестисия лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди:

  • “Дата Волт” компанияси (Саудия Арабистони) билан ҳамкорликда “Янги Тошкент”да шаҳар инфратузилмасини қуриш (1 млрд доллар) ва яшил технологияларга асосланган “маълумотлар марказларини” қуриш (3 млрд доллар);
  • “Аcwа Power” компанияси (Саудия Арабистони) билан Қорақалпоғистон Республикасида қуввати 5 ГВт шамол электр станциясини ҳамда қуввати 2 ГВт бўлган электр энергиясини сақлаш қурилмаларини қуриш (6,2 млрд доллар);
  • “Амеа Power” компанияси (БАА) билан Қорақалпоғистон Республикасида қуввати 1000 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш (1,1 млрд доллар);
  • “Сауди Табрид” компанияси билан Нукус, Фарғона ва Қувасой шаҳарларида иссиқлик тизимини модернизация қилиш 750 млн доллар);
  • “Нил Шугар” компанияси (Миср) билан Жиззах вилоятида қанд лавлаги етиштириш ва шакар ишлаб чиқариш (500 млн доллар);
  • “Шайнхай Кнуд Интернешнл” компанияси (Хитой) билан Наманган вилоятида текстиль ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш (205 млн доллар);
  • “Вилмар Интернешнл” компанияси (Сингапур) билан Тошкент вилоятида озиқ-овқат маҳсулотлари ва чорва учун озуқа ишлаб чиқариш (200 млн доллар).

Бундан ташқари, форумда дунёнинг бир қатор йирик компаниялари ҳисобланган “Oraskom Investment” (Миср), “Bonafarm Grup” (Венгрия), “Sayar” (АҚШ), “Goldvind”, “Sinoma” (Хитой), “Sam Yapi” (Туркия), “Psha Development” (Озарбайжон) “Laselsberger” (Австрия), “Petrosat Chexelsoton” (Эрон) каби компаниялар билан қиймати 6,6 млрд долларга тенг янги инвестисия лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!