Ўзбекка номуносиб “ўзбекчилик”

Ўзбекка номуносиб “ўзбекчилик”

Бугун жамиятимиз турли ютуқларга эришмоқда. Аммо, нуқсонларимиз ҳам кўпайишда давом этяпти. Қуйида барчамизни ўйлантирадиган “камчиликларимиз” ҳақида сўз юритилади. 

  • Ўзи қилолмаган ишни бошқалардан талаб қилиш.
  • Ақл ўргатишга усталик, ўрганишга нўноқлик.
  • Майда гапларнинг қули бўлиш.
  • Ош учунгина бирлашиш.
  • Саволни “Унга қандай ёрдам, далда бера олдим?” деб эмас, “Нега у менга ёрдам, далда бермади?” шаклида қўйиш.
  • Ўзини осмоннинг устуни деб билиш.
  • Бойга бўйин эгиш, уларга давранинг тўрини бериш.
  • Ўз тарихи, ўзлигини билмаслик, биладиганни эса “миллатчи” ва “фалоний”га чиқариш.
  • Қўрқоқлик.
  • Яхшилик қилганга ёмонликни раво кўриш.
  • Бир-бирини кўролмаслик.
  • Яхши одамни тиригида тепиб, ўлгандан кейин улуғлаш.
  • Қаттиққўл раҳбарни севиш.
  • Динда чаласавод бўлиш, бидъатларни маҳкам тутиш, Худога ишониб, лекин ердагиларни ундан устун қўйиш.
  • Топган-тутганини тўй ва уй қуришга “инвестиция” қилиш.
  • “Нозик” меҳмонларни отасидан улуғ деб билиш.
  • Одамларга ақл-заковатига қараб эмас, уй-жойига қараб баҳо бериш.
  • “Орзу-ҳавас”лар жиловини хотинларга тутқазиб, сўнгра уларни рўёбга чиқариш учун жонни жабборга бериш, буни умр мазмуни, деб билиш.
  • Дўстликнинг ҳаққини билмаслик.
  • Бошига иш тушган одамдан юз буриш.
  • “Менга нима?” шиори билан яшаш.
  • Хато қилишни оддий нарса, кечирим сўрашни ўлим билан тенг кўриш.
  • Йиқилганни яна бир марта тепиш.
  • Манфаат учун дўстни, миллатни, Худони ва бутун борлиқни осонгина сотиб юбориш.
  • Билим олишда кимўзарлик қилиш эмас, чаласаводлик пойгасига кириш.
  • Баҳслашиш маданиятини билмаслик.
  • Сўкиниш борасида ўзга сайёраларни ҳам забт этиш.
  • Бугуни, келажаги ҳақида эмас, ўтмиши, тарихи ҳақида гапириш.
  • Фақатгина ўз гапини ҳақ деб билиш.
  • ”Ҳап сеними, кўрасан ҳали!” хаёли билан яшаш.
  • Мансабдорни тиригида оёғини ўпиб, ўлгандан кейин гўрига тош қалаш.
  • Буларнинг ҳаммасини ўқиб ё эшитиб, “шу ҳам гап бўлдими?”, дейиш.
  • Ўзига ёқмайдиган ҳақиқатни рад этиш.
  • Ўзига ёқадиган ёлғонга ишониш.
  • Юзинг бурилдими, орқадан гапириш.
  • Бетига айтгандан хафа бўлиш.
  • Танқидни “Душманнинг иши”, иғво деб билиш.
  • Мақтаса, шайтоннинг ҳам шериги бўлиш.
  • Туҳматга мойиллик.
  • Китоб ўқимаслик.
  • Маишатни севиш (гап-гаштак, чойхона, ҳар қандай ютуқ ёки янгиликни “ювиш” ва ҳ.к.).
  • Машваратсиз иш қилиш.
  • Мансабга миниб қолса, тобутга мингунча тушмаслик.
  • Кўчада ётган чўпдан ҳам шубҳа қилиш.
  • Бировдан бир нарса ундиришга уста бўлиш.
  • Ўз қонуний ҳақ-ҳуқуқларини билмаслик.
  • Ёмонлик қилишдан ҳузурланиш.
  • Кўнглида тан олиб турганини ҳам тилида писанд қилмаслик.
  • Бировга нон бермасдан уни нонкўрликда айблаш.
  • Гуноҳини хаспўшлаш учун гуноҳ қилиш.
  • Ўзганинг ҳаққидан қўрқмаслик
  • Гап тагидан “гапча” қидириш.
  • Бойликни савлатим деб билиш.
  • Бировни ёмон кўрса, ўлаётганда ҳам ўшани қарғаб ўлиш.
  • Айтилган жойга айтилган вақтда бормаслик.
  • ”У ким бўлибдики?” саволини тез-тез такрорлаш.
  • Пора бериш ва пора олишни яхши кўриш.
  • Пора олмайдиган ва пора бермайдиган одамни “порахўр” деб айблаш.
  • Қарз беролмаган дўсти ёки танишидан юз ўгириш.
  • “Ўзингга ақл ўргатсанг-чи?” деган ҳукмнинг ҳукмдори бўлиш.
  • Одамларни ўзидан паст санаш.
  • Илмига ва билганларига амал қилмаслик. 

Фақат ўзимизга хос фазилат ва қусурлар омухтаси бўлмиш (“трагикомедия”га ўхшаш) “ўзбекчилик” рўйхатини яна узундан-узоқ давом эттириш мумкин… 

“Инсоннома” китоби асосида

Саидаброр Умаров тайёрлади

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!