Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Аввал хабар берганимиздек, шу йил 16 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаровнинг Жанубий Корея сафари бошланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Кеча куннинг биринчи ярмида муфтий ҳазратлари Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси президенти Хванг Бёнг Ха-Аҳмад ва Жанубий Корея мусулмонлари жамоати бош имоми Ли Жу Хва-Абдураҳмон Ли билан учрашув ўтказдилар.

Федерация президенти Ўзбекистон делегациясининг ташрифи билан қутлаб, юртимизнинг ислом тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссасини таъкидлаш баробарида Имом Бухорий, Имом Термизий каби улуғ зотлар ва Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарлар мусулмон олами эътиборини қозонгани, қадамжо ва мақбаралар дунёнинг турли бурчакларидан зиёратчиларни ўзига жалб этишини эътироф этди. Шунингдек, у бир неча бор заминимизда меҳмон бўлганини айтиш баробарида халқимизнинг самимийлигини алоҳида таъкидлади.

Мулоқотда муфтий ҳазратлари мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик тобора ривожланиб бораётгани, диний идоралар ўртасида алоқалари йўлга қўйилгани, ўтган Рамазон ойида бир гуруҳ ўзбекистонлик уламолар Жанубий Кореянинг Сеул, Кожедо, Кимхе, Чеонгжу, Мокпо каби шаҳарларидаги тадбирларда маҳаллий аҳоли ва ватандошлар билан маърифий суҳбатлар ўтказганларини айтиб ўтдилар. Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар, диний жабҳадаги янгиланишлар тўғрисида маълумот берилди. Шунингдек, иштирокчиларга Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишланган ролик намойиш этилди ва тарқатма материаллар тақдим этилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш учун асос бўладиган англашув Меморандуми имзоланди. Mазкур ҳужжат асосида диний соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, диний таълим ва имом-хатиблар тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, ёт ғояларга биргаликда қарши курашиш ва ҳамкорликда анжуманлар ўтказиш кабилар амалга оширилади. Шунингдек, Жанубий Кореяда меҳнат мигрантлари кўп жойлашган ҳудудлардаги жоме масжидларда ўзбекистонлик имом-хатиблар иштирокида мунтазам маърифий суҳбатлар ташкил этиш имкониятлари яратилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!