“UzAutoMotors” АЖга боғлиқ суд иши бўйича қўшимча маълумотлар берилди

“UzAutoMotors” АЖга боғлиқ суд иши бўйича қўшимча маълумотлар берилди

Бугун, 23 октябрь куни, Тошкент шаҳар маъмурий судида “UzAutoMotors” АЖнинг Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг 21/31-сонли ишига оид 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича ўтказилаётган суд жараёни давом этди.

Ушбу маъмурий иш судья Ғ. Давлатов раислигида кўрилмоқда.

Бугун суд жараёни ўз ишини ёпиқ суд мажлисида давом эттириб, унда “UzAutoMotors” акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни тан нархи шакллантирилиши методикаси, четдан олиб келинган бутловчи эҳтиёт қисмларининг нарх ошиши, хорижий валюта курсини ошиши тан нархларини шакллантирилишида таъсири, ушбу ҳолатлар текширувчилар томонидан инобатга олинмаганлиги ҳамда эҳтиёт қисмларининг тан нархи ошиши тўлиқ ўрганилмасдан, фақатгина танлов асосида ўрганилганлиги, жамият томонидан иш ҳақи ва реклама харажатлари текшириш давомида тўлиқ инобатга олиниш ҳолатлари тарафлар ўртасида муҳокама қилинди.

МҚКҚ вакиллари томонидан мазкур ҳолатларга тушунтириш берилиб, ҳақиқатда ҳам текшириш давомида бир неча маротаба ҳужжатлар тақдим этиш сўралганида жамият томонидан тегишли ҳужжатлар ўз вақтида тақдим этилмаганлиги, текшириш муддати якунланишига кам вақт қолганлиги сабабли умумий ҳисоб-китоблар танлов асосида ўрганиб чиқилганлигини, шунингдек ушбу текширишда аниқланган 942,8 млрд. сўм асоссиз ҳисобланган ҳаражатлар ишлаб чиқариладиган автомашиналар режасига қараб ҳисобланганлиги, агарда ушбу ишлаб чиқариладиган автомашиналар сони камайганида ёки кўпайганида ушбу ҳисобланган асоссиз харажатлар миқдори ҳам ўзгариши мумкинлигини билдириб ўтишди.

Шунингдек, “UzAuto Motors” акциядорлик жамияти вакиллари нарх шаклланишида киритилган тайёр маҳсулотларни ташиш билан боғлиқ харажатлар Қўмита томонидан инобатга олинмаганлигини билдириб ўтишди.

Шундан сўнг, текширишда аниқланган жамият томонидан товарларни ички бозорда дилерлар орқали сотишда тенг бўлмаган шароитларда тақсимлашда қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тарафлар ўз фикр мулоҳазаларини билдиришди.

Тарафлардан бошқа илтимоснома ва қўшимча ҳужжатлар мавжуд эмаслиги, барча важлар муҳокама қилинганлиги сабабли, прокурор томонидан иш ҳужжатларини ўрганиш ва суд музокарасига тайёргарлик кўриш учун илтимоснома келтирилди.

Навбатдаги суд мажлиси 2020 йил 30 октябрь куни соат 11.00 да ўтказилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!