Ургут туманидаги ҳомиладор аёлнинг ўлими юзасидан расмий маълумот берилди

Ургут туманидаги ҳомиладор аёлнинг ўлими юзасидан расмий маълумот берилди

Аввалроқ Самарқанд вилояти Ургут туманида ҳомиладор аёл вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати маълумот берди, деб ёзади Zarnews.

Қайд этилишича, 1998 йилда Ургут туман Жартепа маҳалласида туғилган С.Э. 2019 йил 4 январда «Ҳомиладорлик I 12-13 ҳафталик» ташхиси билан Ургут туман 1-сон марказий шифохонаси поликлиникасида ҳисобга олинган. Аёл оиласи билан Самарқанд шаҳрида яшаши, Самарқанд давлат чет тиллар институтида ўқиши сабабли ҳомиладорлик индивидуал картасини 2019 йил 16 февралда Самарқанд шаҳар 2-сон оилавий поликлиникасига олиб кетган.

Ҳомиладор аёл жорий йилнинг 2 июль куни соат 12:00 да Ургут туман 1-сон шифохонаси туғуруқ бўлимига қабул қилинган. Врачлар кўригидан сўнг унга «Ҳомиладорлик I 40 ҳафта. Туғруқ I. Туғруқнинг I даври. Бош-чаноқ номутаносиблиги. Ҳомиланинг ноаниқ ҳолати. Анемия ўрта оғир даражаси. HbsAg манфийлиги» ташхиси қўйилган ва туғуруқ кесар-кесиш орқали олиб борилган.

Туғуруқдан кейинги давр яхши кечган, аммо 6-7-суткада аёлда тана ҳароратининг кўтарилиши, қорин дам бўлиши кузатилган. 10 июль куни малакали хирурглар томонидан кўрилиб, қайта операция қилинган. Аёлда операциядан кейин артериал қон босими тушган, полиорган етишмовчилиги кузатилган. Малакали мутахассислар кўриги ва ўтказилган муолажаларга қарамай, 14 июль куни соат 21:30 да биологик ўлим қайд қилинган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!