Тошкентда “Тез ёрдам”га ҳар куни бир неча бор мурожаат қилаётган 140 нафарга яқин бемор борлиги маълум бўлди

Тошкентда “Тез ёрдам”га ҳар куни бир неча бор мурожаат қилаётган 140 нафарга яқин бемор борлиги маълум бўлди

Бироқ ушбу соҳа ходимлари фаолиятига халал берадиган, уларнинг иш сифатига салбий таъсир этадиган омиллар йўқ эмас. Хусусан, асоссиз ва ёлғон чақириқлар ёки сурункали хасталикка чалинган беморларнинг ушбу хизматга ҳар куни бир неча бор такрор-такрор мурожаат қилиши “Тез ёрдам” автомашиналарининг бошқа чақирув манзилларига ўз вақтида етиб бора олмаслигига сабаб бўлади.

Албатта, соҳа фаолиятига тўсиқ бўлаётган бу каби муаммоларнинг олдини олиш, юртдошларимизга ўз вақтида ва сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатиш бугун устувор масалага айланган. Жумладан, Президентимизнинг 2022 йил 16 июндаги “Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан жорий йил мамлакатимизда тез тиббий ёрдамнинг ягона вертикал бошқарув тизими яратилмоқда.

— “103” хизмати тиббиётнинг аҳолига энг яқин йўналиши ҳисобланади, — дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази бош директори Абдувоитжон Гафуров. — Шу боис мазкур соҳадаги ҳар қандай ижобий ўзгариш, энг аввало, одамлар кайфиятига таъсир этади.

Хусусан, бугунги кунда пойтахт тажрибаси асосида марказнинг ҳудудий филиалларида ягона — Call-марказларнинг ташкил этилиши ва унинг негизида “Тиббий маслаҳат”, “Тиббий йўналиш назорати” ва “Call back” каби илғор ва янги бошқарув механизмларининг йўлга қўйилиши аҳолига қатор қулайликлар яратмоқда.

Биргина жорий йил 19 августдан бошлаб синов тариқасида пойтахтимизда иш бошлаган тиббий маслаҳат бериш тизими орқали бугунгача 410 нафарга яқин фуқарога телефон орқали малакали мутахассислар ёрдамида зарур маслаҳатлар берилди.

Қолаверса, Тошкент шаҳрида Call-марказга келиб тушаётган чақириқларни саралаш ҳамда бемор ва уларнинг яқинларига тиббий маслаҳат берган мутахассис маълумотлари янги — MedData-103 тизими орқали шакллантирилиб, кейинги таҳлил ва қарор қабул қилиш учун амалда қўлланилиб борилмоқда.

Яна бир мисол. Янги тизим орқали пойтахтимизда “Тез ёрдам” хизматига кун давомида бир неча маротаба мурожаат қилаётган 138 нафар фуқаро аниқланиб, улар билан узлуксиз мулоқот йўлга қўйилди. Натижада бугунга келиб, сурункали касалликлар билан оғриб, кундалик тез тиббий ёрдамга такрор-такрор мурожаат этаётган ушбу фуқаролар сони учдан бир қисмга камайди.

Бу эса чақирувларга бўлаётган ортиқча харажатлар ва тиббий бригадаларнинг беҳуда вақт йўқотишининг олдини олишга хизмат қилаётир.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!