Gentra, Cobalt ва Damas хатланди

Gentra, Cobalt ва Damas хатланди

Қашқадарё вилояти Солиқ бошқармаси вилоятда солиқ қарздорлиги мавжуд бўлган фермер хўжаликларининг мол-мулкини хатлаб, қарздорликни ундириш бўйича рейдлар ўтказмоқда. Бу ҳақда “Дарё” бошқарма ахборот хизмати масъули Фирдавс Жабборовга таяниб хабар берди.

Маълум қилинишича, Касби туманидаги “Мадинахон Пўлатова” фермер хўжалигининг бугунги кундаги солиқ қарзи 137 миллион сўмни ташкил қилган. Фермер хўжалиги қарзини ўз вақтида тўлаб бермагани сабабли унга тегишли автотранспорт воситаси хатланиб, жарима майдончасига жойлаштирилган.

Шунингдек, тумандаги “Раҳматов Собир” фермер хўжалиги масъуллари ҳам 42 миллион сўм миқдоридаги солиқ қарзини тўлаб бермагани боис фермер хўжалиги балансида бўлган автотранспорт воситаси хатланган.

Бундан ташқари, тумандаги “Саноқулов Эрдон” фермер хўжалигининг 29 миллион сўмлик қарздорлиги эвазига Cobalt автомобили, “Суярова Дилбар” фермер хўжалигининг 71 миллион сўмлик қарздорлиги учун эса Damas автомобили хатланиб, жарима майдончасига олиб келинган.

Солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажармаётган шахслардан солиқ қарзини ундириш бўйича вилоятимизда хатлов тадбирлари амалга оширилмоқда. Шундай тадбирлардан яна бири Миришкор туманида ҳам ташкил этилди. Тумандаги “Жонибек ғалабаси” фермер хўжалигининг 13,6 миллион сўмлик солиқ қарздорлиги эвазига унинг Volkswagen русумли автотранспорт воситаси хатланди. “Файзуллаев Лазизбек” фермер хўжалигининг 22 миллион сўмдан ортиқ қарздорлиги эвазига эса Damas автотранспорт воситаси хатлаб олинди. “Шомиров Фаёз Фарҳодович” фермер хўжалигининг 26 миллион сўмлик солиқ қарзи хатлов тадбири давомида тўлиқ ундирилди, — дейди вилоят Солиқ бошқармасининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими масъули Фирдавс Жабборов.

Бошқарма масъуллари жамоатчиликка Ўзбекистон Республикаси конституциясининг 63-моддасини эслатиб, “Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлаши шарт”лигини таъкидламоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!