Тошкентда соат тунги 03:00 да қилинган жиноят фош бўлди

Тошкентда соат тунги 03:00 да қилинган жиноят фош бўлди

Ҳар бир кун янги имкониятлар эшигини очиб беради. Минг афсуски, бундан унумли фойдаланиш ўрнига бебаҳо вақтини беҳуда сарфлайдиганлар ҳам бор. Айни ўқиб, илм оладиган ёшда “муқаддам судланган” деган тамға билан яна такрор жиноятга қўл урадиганлар эса ўз оёғига ўзлари болта ураётганларини англашмайди, чоғи. Йўқса, 19 ёшли йигит талончилик, 18 ёшли йигит эса фирибгарлик жиноятини содир қилиб, тегишли жазо олган бўлишига қарамай, яна шу “йўл”дан юрмаган бўларди...

Гап шундаки, 19 ёшли судланувчи 2022 йилнинг январда соат 05:00 ларда ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида 18 ёшли таниши билан олдиндан тил бириктиради. Тошкент шаҳар Учтепа тумани, Чилонзор мавзеси, 12-даҳадаги уй олдида қаровсиз қолдирилган “Дамас” русумли автомашинанинг йўловчи томон орқа эшигини ойнасини ўзига хос усул билан очиб, автомашина “тарпетка”сидаги кичик “бардачоги”даги машинанинг эгасига тегишли 300 АҚШ долларини ўғрилаб, ҳодиса содир бўлган жойдан яширинишган.

“ЎҒИРЛАБ ОЛИНГАН ПУЛЛАР ҲАҚИДА ТАНИШИМГА АЙТМАДИМ”

Суд мажлисида 19 ёшли судланувчи айбига тўлиқ иқрорлик билдирди.

— Ҳақиқатан ҳам танишим билан Учтепа туманидаги тунги клубга бориб, бир оз ўйин кулги қилиб, дам олдик. Ушбу кафедан таҳминан 03:00ларда чиқдик. Сўнг кўп қаватли уйлар орасидан ўтиб кетаётганимизда “Дамас” русумли автомашина қаровсиз ҳолатда турганини кўрдик. Танишимга “Дамас” русумли автомашинани эшикларини қулфланган ҳолатда бўлса ҳам оча олишимни айтдим. Дастлаб иккаламиз автомашинани олдига яқинлашиб, салон қисмини кўздан кечирдик. Кейин автомашинани ичини очиб, титкилаш мақсадида йўловчи томондан бориб, орқа эшигини ойнасини очдим. Қўлимни тиқиб, олд эшиги қулфини очдим. Автомашинани олд ўриндиғига ўтириб олиб, автомашинани салон қисмини титкилаётган вақтимда, шеригим ён атрофга қараб турганди. Автомашинани бардачогини остидаги сурилиб очиладиган қисмини тортганимда, 200 АҚШ доллари ва 10 000 сўм борлигини кўриб, пулларни олдим. Кўп қаватли уйларга ўрнатилган камерани кўриб қолдим. Агарда ўғирлаб олинган пулларни бир қисмини танишим билан бўлишадиган бўлсам, кейинчалик пулларни сарфлаб қўйса, жабрланувчига қайтариш вақтида қайтара олмаслигимни ўйладим. Шу сабабли автомашинадан ўғирлаб олинган пуллар ҳақида танишимга айтмадим. Воқеа жойидан кетдик. Ҳозирда содир қилган ҳаракатларим оқибатларини тушуниб етдим, пушаймонман.

“ЧИҚИШИНИ КУТИБ ТУРДИМ”

Иккинчи судланувчи эса айбига қисман иқрорлик билдирди.

— Норасмий иш жойим – Чилонзор туманида жойлашган паркда ишлаётгандим. Танишим келиб қолди, у билан бир оз боғда сайр қилдик. Сўнг тунги клубга бордик, у ерда ҳам бир оз дам олдик. У ердан чиққач, пиёда бирга юриб кетиб, Чилонзор 12-даҳа ҳудудига бориб қолдик. Бир уйнинг ёнидан ўтиб кетаётганимизда “Дамас” русумли автомашина турганини кўрдик. Шеригим автомашинани йўловчи томондан бориб, орқа эшигининг ойнасини ўзига тортиб очди. Мен эса ушбу вақтда унинг ҳаракатларини кузатиб турдим. Шеригим автомашинанинг салони ичига кириб кетганида эса автомашинани орқа томонида таҳминан 10-15 қадам узоқликда туриб, унинг чиқишини кутиб турдим. Чиққач, қандай моддий қийматдаги буюм борлигини ва нима олганини сўрасам, “ҳеч нарса олмадим, ҳеч нима йўқ экан”, деди. Яна бирга кўп қаватли уйлар оралаб, катта автомашина қатнов йўлига чиқиб олиб, таксида уйга кетдик.

“300 АҚШ ДОЛЛАРИ ЙЎҚЛИГИНИ БИЛДИМ”

Суд мажлисида жабрланувчи эса қуйидагиларни баён қилди.

Ўша куни таҳминан соат 18:00 ларда “Дамас” русумли автомашинасини ўзим истиқомат қилаётган уйнинг кириш қисмини ёнига қўйиб, уйга кириб кетдим. Эртаси куни соат 09:20 ларда ишларим билан уйдан ташқарига чиқиб, автомашинани ўт олдириш мақсадида ёнига бордим. Ҳайдовчи эшигини ўзимдаги калит билан очдим. Шунда салон қисми титкиланган ҳолатда эканини билиб, дастлаб автомашинани салон қисмидаги бардачогидаги ҳужжатларни текширдим. Тарпеткасини тагида кичик бардачогини очиб қараганимда, яшириб қўйган жами 300 АҚШ доллари йўқлигини билдим. Сўнг отамга қўнғироқ қилиб, автомашинани очган ёки очмаганини сўрасам, очмаганини айтди. Автомашинада ўғрилик жинояти содир бўлганини билиб, Учтепа туман ИИО ФМБ навбатчилик қисмига қўнғироқ қилиб, бўлган ҳолатни айтдим. Менга етказилган зарар тўлиқ қопланган. Судланувчиларга нисбатан ҳеч қандай даъвоим йўқ.

СУД ҲУКМ ҚИЛДИ

Судланувчилар Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди.

19 ёшли судланувчи ЖКнинг 60,61-моддалари тартибида, ҳукмлар мажмуи тариқасида, мазкур ҳукм билан тайинланган жазога аввалги, яъни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2021 йилдаги ҳукмига асосан тайинланган жазонинг ўталмаган муддатини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 1 йил 7 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

18 ёшли судланувчига эса ЖКнинг 59-моддаси 8-қисми ва 61-моддаси тартибида, ҳукмлар мажмуи тариқасида, мазкур ҳукм билан тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2022 йил февралдаги ҳукмига асосан тайинланган жазони қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 1 йил 1 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Судланувчига агар озодликни чеклашга ҳукм қилинган шахс жазони ўташ даврида ўзининг жиноий қилмишларини англаб етган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, суд маҳкумга нисбатан илгари тайинланган тақиқларни (чеклашларни) тўлиқ ёки қисман бекор қилиши мумкинлиги, озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек суд томонидан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармаган тақдирда эса, суд озодликни чеклаш жазосининг ўталмай қолган муддатини бошқа турдаги жазо билан алмаштириши мумкинлиги, бунда жазони ўташдан бўйин товлаш вақти ўталган жазо муддатига қўшиб ҳисобланмаслиги тушунтирилди.

Дилшод КАМИЛОВ,

жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди раиси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!