Тошкентда 10 яшар болани урган эркакка суд ҳукми ўқилди (ВИДЕО)

Тошкентда 10 яшар болани урган эркакка суд ҳукми ўқилди (ВИДЕО)

Катта ёшли эркак вояга етмаган болани ураётгани тасвирланган видео лавҳа август ойида ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлганди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг очиқ суд мажлисида, судья Жаъфар Курбанов раислигида 35 ёшли эркакка нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.

Маълум бўлишича, катта ёшли фуқаро 2021 йил 22 август куни соат 14:20 ларда вояга етмаган қўшнисига қўл кўтаради. Бунга эса вояга етмаган қўшниси унинг ўғлини урганини сабаб қилиб кўрсатади. Мазкур ҳолатдан жахли чиққан фуқаро жабрланувчига қасддан бош ва юз қисмига тан жарохати етказганлиги аниқланди.

Суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, вояга етмаган болага соғлиғини қисқа муддатга бузилишига олиб келган енгил тан жарохати етганлиги ҳақида хулоса берган.

Судда судланувчи эркак Жиноят кодекси 109-моддасининг 2-қисми билан айбли деб топилди. Жиноят кодекси 109-моддасининг 2-қисми билан ойлик иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 1 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Жиноят кодексининг 62-моддаси тартибида, унинг 2021 йил 24 август кунидан 28 сентябрь кунига қадар дастлабки қамоқда сақланган 1 ойу 4 кунини ҳар бир кунини тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг уч кунига тенглаштириб, тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан чегириб ташлаб, унга узил-кесил ўташ учун иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йилу 2 ой 18 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилди.

Ҳукмдан норози тараф ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб, судланувчи ва жабрланувчи ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб, йигирма сутка ичида Тошкент шаҳар судига апелляция тартибида шикоят бериши ёки прокурор протест билдиришга ҳақли экани билдирилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!