“Тошкент метрополитени донаси 100 минг долларга тенг эскалаторлар ўрнатаётгани ростми?"
«Kun.uz» таҳририятининг “Тошкент метрополитени донаси 100 минг долларга тенг эскалаторлар ўрнатяпти. Бу қиммат эмасми? " деб номланган мақоласига расмий муносабат билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16.10.2021 йилдаги «Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5260-сонли қарорининг 1-иловасида кўрсатилган чора-тадбирларининг 15-бандида, метрополитенда хизмат муддатини ўтаб бўлган 6 дона эскалаторларни алмаштириш учун давлат буджети маблағлари ҳисобидан жами 900 минг АҚШ доллари ажратилиши кўзда тутилган.
Шу сабабли, метрополитен мутахассислари томонидан ўрганишлар олиб борилиши ва ажратилиши кўзда тутилган маблағларнинг ҳаражатини оптималлаштирилиши натижасида, 6 дона эскалаторлар ўрнига, «Халқлар дўстлиги», «Новза» ва «Пахтакор» бекатларидаги маънан эскирган 8 дона эскалаторларни алмаштириш режалаштирилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, кўрсатиб ўтилган бекатларига ўрнатиш учун ҳарид қилинган 8 дона эскалаторлар техник кўрсаткичлари бўйича тўлиқ юклама билан суткасига 20 соат давомида узлуксиз ишлаш қувватига эга қурилма бўлиб, «оғир турдаги» эскалаторлар туркумига мансуб хамда Республика ҳудудида фақатгина метрополитен объектларида фойдаланилади («енгил турдаги» оддий эскалаторлардан тубдан фарқ қилади).
Белгиланган тартибда, метрополитен ходимлари томонидан барча техник хужжатлар давлат харидини амалга ошириш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги «Лойиҳалар ва импорт контрактларни экспертизадан ўтказиш комплекс маркази» ДУКдан экспертизадан ўтказиб, ўрганилган бозор нархларини тасдиқлаш ва якуний хулоса олиш учун тақдим қилинган.
Тақдим этилган ҳужжатларга асосан, Марказ томонидан тегишли экспертиза ўтказилиб, нархлар тасдиқланган ва 2023 йил 23 июнда 45/01-07/2-2886-сонли ижобий хулоса олинган.
Ушбу хулоса асосида, эскалаторларни етказиб берувчи корхонани аниқлаш мақсадида 2023 йил 10 октябрда ва 26 октябрда электрон тендер танловлари ўтказилган. Бироқ, тендер танловлари турли сабабларга кўра (ҳужжатлар тўлиқ эмаслиги, қатнашувчи корхоналар етарли бўлмаганлиги ва ҳ.к.) бекор қилинган.
Сўнг, 18.11.2023 йил учинчи бор электрон танлов ўтказилган ва танлов натижаси бўйича “MERCURY SOLUTION” МЧЖ ғолиб топилиб, 8 дона эскалаторларни етказиб бериш, ўрнатиш ҳамда ишга тушириш бўйича 22.11.2023 йилда 10,554 млрд сўмлик (ҚҚС билан 12%), 10-сонли шартнома расмийлаштирилган (ушбу расмийлаштирилган шартномадаги қийматига 5 йиллик кафолат муддати ва қўшимча эҳтиёт қисмлар (ЗИП) киритилган).
«Кун.уз» таҳририяти мақоласида эскалаторларнинг донасининг нархи 100 минг долларни ташкил қилиши кўрсатилиб, хатоликка йўл қўйилган.
Жумладан, шартнома асосида кўрсатиб ўтилган «оғир турдаги» эскалаторнинг ишлаб чиқарувчи корхона томонидан белгиланган нархи 55 минг долларни ташкил қилган.
Шу билан бир қаторда, бир дона эскалаторни етказиб бериш транспорт ҳаражати – 16,0 минг, божхона бож тўлови (5 %) – 3,6 минг, қўшилган қиймат солиғи (12%) - 8,9 минг ҳамда ўрнатиш, сертификатлаш каби бошқа ҳаражатлар – 11,8 минг АҚШ долларини ташкил қилганлигини ва эскалаторнинг бир донасининг тан нархи, “MERCURY SOLUTION” МЧЖнинг фойдасини ҳисобга олмаганда 95,3 минг АҚШ долларини ташкил этганлигини такидлаб ўтамиз.
«Тошкент метрополитени» ДУК раҳбарияти ушбу масалага аниқлик киритиш ва шаффофликни таъминлаш ҳамда шаҳар аҳолиси ва йўловчилари ўртасида метрополитен ишчи ходимлари тўғрисида салбий фикирлар юзага келишини одини олиш мақсадида, Назорат қилувчи органлар, Рақобат қўмитаси ва «Кун.уз» таҳририяти мутахассислари иштирокида ўрганиш ўтказиш хамда натижалари бўйича ҳаққоний баҳо берилишини сўрайди (ўрганиш жараёнида «Тошкент метрополитени» ДУК томонидан барча тааллуқли ҳужжатлар тақдим этилиши таъминланади).