Суперлига: «Ўзбек классикоси» Тошкентда ўтади

Суперлига: «Ўзбек классикоси» Тошкентда ўтади

Хабарингиз бор, футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасида ФИФА кунлари муносабати билан бир неча кун танаффус эълон қилинган эди. Ниҳоят бугун, 13 сентябрь куни миллий чемпионатимизнинг 18-турига старт берилади. Мазкур тур 16 сентябрь кунига қадар давом этади.

Ушбу муддат оралиғида футбол мухлислари «Пахтакор» – «Нефтчи», «Қизилқум» – «Сўғдиёна», «Навбаҳор» – «Насаф», «Динамо» – «Бунёдкор», «Андижон» – «Локомотив», «ОКМК» – «Сурхон», «Олимпик» – «Металлург» клублари ўртасидаги баҳсларга гувоҳ бўлади.

Бугун 18-тур баҳслари доирасида «Қизилқум» – «Сўғдиёна» ва «Пахтакор» – «Нефтчи» жамоалари ўзаро куч синашади.

Турнинг илк учрашуви Қаршида «Қизилқум» ҳамда «Сўғдиёна» жамоалари иштирокидаги ўйин билан бошланади. Учрашув соат 18:15 да «Марказий» стадионида ташкил этилади. Ҳозирда «Сўғдиёна» 30 очкони қўлга киритиб, Суперлиганинг учинчи поғонасида бормоқда. «Қизилқум» эса 18 очко жамғариб, 11-ўринга жойлашган.

Суперлига: «Ўзбек классикоси» Тошкентда ўтади

Бугун 18-тур доирасида «ўзбек классикоси» дея ном олган «Пахтакор» – «Нефтчи» ўртасида учрашув бўлиб ўтади. Ўйинни Темур Тўхтасинов бош ҳакам сифатида ўтказади. Унга қанотларда Шерзод Аъзамов, Ислом Азимов ёрдам берса, Аскер Нажафалиев ва Александр Сидоров ВАР бўйича фаолият кўрсатади.

Ушбу икки жамоа ҳозирда медаллар учун курашмоқда ва бу ўйинда уларга 3 очко сув ва ҳаводек зарур. Шу сабабли ҳам жамоалар очиқ футбол намойиш этиши кутилмоқда. Ҳар қандай натижа билан якунланмасин бу сафарги баҳс шиддатли ўтиши шубҳасиз. Эслатиб ўтишимиз жоизки, «Пахтакор» 17-тур якунига кўра 28 очко билан 4-ўринда бораётган бўлса, «Нефтчи» 26 очко жамғариб, пойтахт клубини таъқиб этмоқда.

Суперлига: «Ўзбек классикоси» Тошкентда ўтади

Маълумот ўрнида: жамоалар миллий чемпионатлар тарихида 59 ўйин ўтказган бўлиб, «Пахтакор» 28 ғалаба, 9 дуранг ва 22 мағлубият қайд этган. Рақиб дарвозасига 97 тўп киритган «Шерлар» ўз дарвозасидан 70 тўп ўтказиб юборган. Тошкентдаги беллашувларнинг 21 тасида «Пахтакор» устун келган бўлса, 6 баҳсда фарғоналиклар ғалаба қозонган. Икки ўйин дуранг билан тугаган. «Пахтакор» 10 бор рақибни йирик натижа билан доғда қолдирган бўлса, «Нефтчи»да бундай ғалабалар сони учтани ташкил қилади. «Пахтакор»нинг энг йирик ғалабаси 6:0, «Нефтчи»да эса 4:0 ҳисобланади.

Шунингдек, клублар Ўзбекистон Кубогида 15 учрашув ўтказган ва «Пахтакор» уларнинг 12 тасида устун келган. 3 беллашувда «Нефтчи» зафар қучган. «Пахтакор-79» хотира турнири ва «Тошкент халқаро турнири» финалларида ҳам жамоаларнинг тўқнашуви рўй бериб, уларда ҳам пойтахт клуби муваффақиятга эришган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!