Украина урушини 24 соатда тўхтатишини айтган Трамп у учун нимани ўйлаб қўйган?
АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трампнинг Украинадаги ҳарбий можарони ҳал қилиш режасида қуролсизлантирилган ҳудуд яратиш ва Киевнинг НАТОга аъзо бўлишдан бош тортиши кўзда тутилган, деди Республикачилар партиясидан АҚШ вице-президентлигига номзод Ж.Д.Венс.
“Менимча, кўринишидан бу шундай. Трамп ўтириб, русларга, украиналикларга, европаликларга: «Сизлар тинчлик келишуви қандай кўринишини аниқлаб олишингиз керак», дейди. Ва бу, эҳтимол, Россия ва Украина ўртасидаги ҳозирги демаркация чизиғи билан бир хил кўринади. Бу қуролсизлантирилган зонага ўхшайди. У мустаҳкамланади”, деди Венс Шоун Раян шоу подкастида.
Унинг қайд этишича, Украина ўз суверенитетини сақлаб қолади, Москва эса Киев Шимолий Атлантика иттифоқига аъзо бўлмаслиги кафолатини олади. Венс Германия ва бошқа давлатлар урушдан кейин Украинани қайта тиклашни молиялаштириши кераклигини тушунтирди.
Унинг фикрича, агар Трамп АҚШдаги президентлик сайловларида ғалаба қозонса, у бу келишувга «жуда тез» эришади.
Ўтган шанба куни Трамп сайловда ғалаба қозонса, янги йилга қадар Украинадаги урушни тугатишини айтди. Унинг сўзларига кўра, у буни расман лавозимга киришишидан олдин ҳам амалга ошириши мумкин — регламентга кўра, инаугурация 20 январь куни бўлиб ўтади.
Сиёсатчининг айтишича, унинг режаси ҳокимиятга келганидан кейин 12 ой ичида энергия нархини икки баравар ёки ундан кўпроққа туширишдир.