Қозоғистон мудофаа харажатларини 1,3 млрд долларга оширади
Қозоғистон мудофаа харажатлари 2025 йилга келиб 666 миллиард тенгега (1,3 млрд доллар) ёки ЯИМнинг 0,68 фоизига етиши кутилмоқда. Бу ҳақда мамлакат Молия вазирлигига таяниб, “Курсив” хабар берди.
Бироқ депутат Ермурат Бапи бу маблағ армиянинг жанговар тайёргарлигини ошириш ва мамлакатни “прогноз қилинаётган уруш”га тайёрлаш учун етарли эмаслигини айтмоқда. Уч йиллик бюджет лойиҳаси тақдимотида депутат Мудофаа вазирлиги бюджетини ялпи ички маҳсулотнинг 1 фоизигача оширишни талаб қилди.
У буни минтақада геосиёсий хатарлар ортиб бораётгани билан асослади. Хусусан, номаълум экспертларнинг 2030 йилга бориб глобал можаро бўлиши мумкинлиги ҳақидаги прогнозларига ишора қилди.
Агар бизнинг мудофаа харажатларимизга Украинада содир бўлаётган воқеалар нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, ажратилган маблағлар жуда кам. Мудофаага ялпи ички маҳсулотнинг атиги 0,4 фоизи (2025 йил учун) ажратилади. Бундай ҳисоб-китоблар қаёқдан келиб қолди?, деди депутат.
Унга мудофаа вазири ўринбосари Аскер Бейсенов жавоб қайтарди. У ЯИМнинг 0,44 фоизи Мудофаа вазирлиги бюджети, 0,24 фоизи эса давлат мудофаа буюртмаси эканини тушунтирди. Натижада 2025 йилга келиб, вазирлик ЯИМга нисбатан 0,68 фоизга тенг бўлган маблағ олади.
Молия вазири ўринбосари Абзал Бейсенбекулининг сўзларига кўра, келгуси йилда мудофаа вазирлиги харажатлари қарийб 100 миллиард тенгега ошади.