Қайси жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилди?

Қайси жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилди?

Жиноятлар таҳлилига назар ташланса, улар орасида мастлик ҳолатида содир этилаётганлари салмоқли ўрин эгаллайди.

Тўғри, маст одам кўпинча жиноятни қасддан эмас, ўзи англамаган ҳолда содир этади. Лекин бундай қилмиш барибир жазога лойиқ. Худди фуқаронинг қонунни билмай бузиши уни жавобгарликдан озод этмагани каби.

Ҳозирги кунда мастлик ҳолатида содир этилган жиноят учун жавобгарлик кучайтирилди. Бу спиртли ичимликларни суиистеъмол қилишни одат қилган, оқибатда жиноятга қўл уришдан тоймаётган шахсларни балки ҳушёр торттирар.

Эндиликда нафақат гиёҳвандлик воситалари, балки уларнинг аналоглари таъсири остида жиноят содир этган шахслар ҳам жавобгарликдан озод қилинмайди. Бу жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар сифатида эътироф этилади.

Бундай янги меъёрлар Жиноят кодекси, “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги қонунга 2018 йил 23 октябрда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан киритилди.

Жиноят кодексининг 1863-моддаси янги таҳрирда ифодаланди. Унга кўра, сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек, дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Бундай жиноятларнинг санкция қисмлари кучайтирилди.

Мазкур модданинг биринчи қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Иккинчи қисми бўйича беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш, учинчи қисми бўйича саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш, шунингдек, тўртинчи қисми бўйича эса, ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Эндиликда “Гиёҳвандлик воситаларининг аналоглари” деганда, кимёвий тузилиши ва хоссаларига кўра гиёҳвандлик воситаларига ўхшаш бўлган, улар сингари руҳиятга фаол таъсир этадиган, келиб чиқиши синтетик ёки табиий моддалар тушунилади.

Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар доираси янада кенгайтирилиши натижасида кодекс “Телекоммуникация тармоғидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш”, деб номланган 2787-модда билан тўлдирилди.

Натижада ўрнатилган ҳимоя тизимларини четлаб ўтган ҳолда телекоммуникация тармоғидан фойдаланиш ва халқаро трафикни ўтказиш мақсадида телекоммуникация тармоғидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш, шунингдек, мазкур мақсадлар учун мўлжалланган махсус дастурий ёки аппарат воситаларини қонунга хилоф равишда сақлаш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун шароитлар яратиш энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, юқорида кўрсатилган ҳаракатлар бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, хизмат мавқеидан фойдаланиб, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган тақдирда, энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди.

Алоҳида таъкидлаш керакки, янги қонун билан Жиноят-процессуал кодексга ҳам бир қатор ўзгартишлар киритилди. Жумладан, эндиликда иш бўйича гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ва уларнинг тури мавжуд бўлган тақдирда ҳам экспертиза тайинлаш ва ўтказишнинг шартлиги белгилаб қўйилди.

Жиноят кодексининг “Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар” деб номланган бобида назарда тутилган хусусий мулк ҳуқуқини бузиш билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахслар учун ҳам жавобгарлик янада кучайтирилди.

Амалга киритилган янги меъёрлар аҳоли манфаатини таъминлаш, жамиятда соғлом муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, иқтисодиёт таянчи бўлган тадбиркорлар манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади.

Зафар Рўзиев,

Ички ишлар вазирлиги бўлими бошлиғи,

юридик фанлари доктори.

Manba: ЎзА


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!