Остеомиелит қандай оғир асоратларни келтириб чиқаради?

Инфекциялар ҳатто суяк тўқималарини ҳам зарарлашга қодир. Бундай ҳолатда бутун танамизни кўтариб турган, қаддимизни тик тутувчи мустаҳкам таянч-ҳаракат аъзолари ўз вазифаларини тўлақонли бажаролмай қолиши мумкин.
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мурод Ирисметов билан шундай касалликлардан бири — остеомиелит аломатлари, диагностика ва даволаш усуллари ҳамда асоратлари ҳақида суҳбатлашдик.
— Остеомиелит — кўмикнинг яллиғланиши билан кечадиган касаллик, — дейди мутахассис. — Уни содда қилиб суякнинг йирингли шамоллаши, деб ҳам атаса бўлади. Ушбу хасталик кўпинча одам скелети ғовак суякларининг бўғимга яқин жойида учрайди. Бунга йиринг ҳосил қилувчи микроблар, масалан, стафилококк, стрептококк сабаб бўлади.
Инфекциялар суяк тўқимасига узоқдаги йиринг ўчоғи, хусусан, чипқон, ангинада яллиғланган муртак безларидан, янги туғилган болаларда инфекция тушган киндикдан қон оқими билан келиши мумкин. Яллиғланиш сил, захм касалликлари оқибатида ҳам пайдо бўлади.
Қолаверса, одам совуқда узоқ вақт қолиб кетса, жарроҳлик операцияси жараёнида суяк тўқималарига инфекция тушса, бундан ташқари, жароҳатлар ўз вақтида даволаманмаса, бу дардга йўлиқиш эҳтимоли катта.
Хасталикнинг ўткир ва сурункали турлари бор. Ўткир гематоген остеомиелит одатда 8-17 ёшда рўй беради. У кўпинча бадан совқотганда ёки лат еганда тўсатдан бошланади.
Бемор жунжикиб, ҳарорати 39-40 даражагача кўтарилади, пульси тезлашади, кўз олди қоронғилашиб, ухлай олмайди, алаҳлайди. Сўнгра яллиғланган суяк оғрийди, устидаги тери шишиб, қизаради. Йиринг ёриб чиққанда эса ҳарорат пасайиб, беморнинг аҳволи яхшиланади.
Остеомиелит оқибатида йирингли артрит ривожланиши, суяк синиши, сепсис пайдо бўлиши ҳам амалиётда кузатилади.
Шу билан бирга, остеомиелит тез-тез қайталанувчи хасталикдир. Бу жараёнда асоратлар одам танасининг бутун аъзоларига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Оқибатда бўғимлар, асаб тизими, қон томирлари, юрак, буйрак, жигар ва бошқа юмшоқ тўқималарда ўзгаришлар юзага келади.
Жумладан, остеомиелитга учраган найсимон суякларда паталогик синиш, суяк тўқимасининг чириши, ўсишдан тўхташи каби ҳолатлар шаклланиши мумкин.
‼️ Агар бемор касаллик бошланганини дарҳол сезиб, вақтида даволанса, асоратларсиз соғайиб кетади. Аммо суяк емирилиб, йиринглаш қонга тарқалган бўлса, сезиларли асоратлар қолади.