Нима учун Қозоғистон TikTok'ни тақиқламоқчи?

 Нима учун Қозоғистон  TikTok'ни тақиқламоқчи?

Қозоғистон яна TikTok'ни блоклашни кўриб чиқмоқда. Республика Сенати платформанинг ёш фойдаланувчиларга салбий таъсири масаласини кўтарди.

3 октябрь куни парламент юқори палатасининг ялпи мажлисида депутат Геннадий Шиповских платформадаги контент болаларнинг руҳий ва жисмоний саломатлигига зарар этказиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

Бош вазир Олжас Бектеновга йўллаган сўровида сенатор ижтимоий тармоқни тартибга солишни кучайтиришга чақирди. Сиёсатчининг қайд этишича, кўплаб давлатлар, жумладан Франция, Канада ва Қирғизистон аллақачон TikTok'дан болалар ва ўсмирлар ўртасида фойдаланишни чеклаш чораларини кўрган.

«Платформа экстремизм, радикализм ва бошқа хавфли материалларни тарғиб қилувчи контентни аниқлаш ва чеклаш учун аниқ алгоритм яратиши керак», — деди Шиповских ёш фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш учун YouTube Kids'га ўхшаш ёшни текшириш тизимини жорий этишни таклиф қилиб.

«Агар бу чоралар кўрилмаса, биз ҳукуматни TikTok'ни бутунлай блокировка қилишга чақирамиз», - дея қўшимча қилди сенатор.

Қозоғистонда TikTok'нинг блокланиши мумкинлиги ҳақидаги мунозараларни Қўшма Штатлар белгилаган глобал тренднинг бир қисми деб аташ мумкин. Вашингтонда платформани тақиқлаш америкалик фойдаланувчиларга Хитойдан илова орқали таъсир ўтказиши билан оқланади. Компаниянинг ўзи ва Пекин буни рад этади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!