Президент миллиардерлардан ёрдам сўради
Қирғизистонда 5-6 нафар миллиардер ва 200 га яқин миллионер яшайди. Бу ҳақда мамлакат президенти Садир Жапаров «Кабар» ахборот агентлигига берган интервюсида маълум қилди.
Президент сўзларига кўра, уларнинг кўпчилиги пулларини хориждаги офшор компанияларда сақламоқда.
«Шу мақсадда биз легаллаштириш ҳақидаги қонунини қабул қилдик. Аммо ҳозирча улар пулларини мамлакатга тўлиқ қайтармади. Маблағларни қисман қайтариб олиб, қурилиш соҳасига киритаётганлар ҳам бор», деди Жапаров.
Президент бой одамларни Қирғизистонга сармоя киритишга чақириб, иқтисодиёт ва давлатга фойда келтирадиган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга ваъда берди. Жумладан, Жапаров Томчи аэропорти рўпарасида меҳмонхоналар қуришни таклиф қилган. 90 гектар майдонда тўққизта беш юлдузли меҳмонхона қуриш режалаштирилган.
«Биринчисини қуриш аллақачон бошланган. Меҳмонхонани икки йилдан кейин фойдаланишга топширишни талаб қилдим. Мен маҳаллий инвесторлар ва олигархларимизга мурожаат қиламан: сармоя киритинг, талаб битта – беш юлдузли меҳмонхона қуриш», деди президент.
Жапаров сўзларига кўра, хорижий инвесторлардан кўра маҳаллий инвесторлар афзалроқ.
«Чунки соф даромад тўлиқ мамлакатимизда қолади. Аммо биз ташқи инвесторлардан ҳам зарар кўрмаймиз. Улар сармоя киритадилар, иш ўринлари яратадилар, солиқ тўлайдилар, лекин барибир ўзи учун соф даромад оладилар», деб тушунтирди давлат раҳбари.