М39 “Олмаота-Бишкек-Тошкент-Шаҳрисабз-Термиз” автомобиль йўлининг 60 км қисми реконструкция қилинади

М39 “Олмаота-Бишкек-Тошкент-Шаҳрисабз-Термиз” автомобиль йўлининг 60 км қисми реконструкция қилинади

“М39” Олмаота-Бишкек-Тошкент-Шаҳрисабз-Термиз” автомобиль йўлининг 60 км қисми реконструкция қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида “М39” Олмаота-Бишкек-Тошкент-Шаҳрисабз-Термиз” автомобиль йўлининг 1255-1315 км (60 км) қисмини реконструкция қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида қарор қабул қилди.

Мамлакатимизда халқаро талаблар ва стандартларга мос замонавий автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш, автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш ва миллий йўл-транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш мақсадида Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан умумий киймати 195,5 млн АҚШ доллари бўлган "М39 "Олмаота-Бишкек-Тошкент-Шаҳрисабз-Термиз" автомобиль йўлининг 1255-1315 км (60 км) қисмини реконструкция қилиш" лойиҳасининг техник-иқтисодий асоси белгиланган тартибда ишлаб чиқилган эди.

Лойиҳани амалга ошириш учун:

Ислом тараққиёт банки томонидан 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олувчи 20 йил муддатга 106,7 млн АҚШ доллари миқдорида;

ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси томонидан 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олувчи 20 йил муддатга 47,2 млн АҚШ доллари миқдорида қарз ажратади.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси ИТБ ва ОПЕК жамғармаси билан тегишли Ҳадли келишув ҳамда қарз битими имзоланган.

Умумий қиймати 195,5 млн АҚШ доллари бўлган лойиҳанинг техник-иқтисодий асосига кўра ИТБ ва ОПЕК жамғармасининг ҳиссаси 153,9 млн АҚШ долларини, Ўзбекистон Республикасининг ҳиссаси солиқ ва божхона имтиёзларини тақдим этиш ҳамда молиявий бошқа харажатларни қоплаш кўринишида 41,5 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни ташкил этади.

Лойиҳа 5 йил (2 йил кафолат даврини ҳисоблаган ҳолда 2024-2029 йиллар) да амалга оширилади.

Президент қарорига мувофиқ:

"М39 "Олмаота-Бишкек-Тошкент-Шаҳрисабз-Термиз" автомобиль йўлининг 1255-1315 км (60 км) қисмини реконструкция қилиш" лойиҳаси техник-иқтисодий асосининг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари;

"М39 "Олмаота-Бишкек-Тошкент-Шаҳрисабз-Термиз" автомобиль йўлининг 1255-1315 км (60 км) қисмини реконструкция қилиш" лойиҳаси доирасида Ислом тараққиёт банки томонидан ажратилган маблағларни бўлиб тўлашнинг прогноз жадвали;

"М-39 "Олмаота-Бишкек-Тошкент-Шаҳрисабз-Термиз" автомобиль йўлининг 1255-1315 км (60 км) қисмини реконструкция қилиш" лойиҳаси доирасида ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси томонидан ажратилган қарзни қайтариш, фоиз ва бошқа тўловларни амалга оширишнинг прогноз жадвали тасдиқланди.

Қарорга кўра, лойиҳа доирасида мақбуллаштириладиган ва иқтисод қилинадиган маблағлар ҳисобидан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш пунктлари барпо этилади.

Яшил ҳудудларни барпо этиш мақсадида лойиҳа доирасида реконструкция қилинадиган автомобиль йўлларининг йўл бўйи минтақаларида иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда 450 минг дона манзарали дарахт ва терак кўчатлари экилади.

Бунда, барпо этиладиган яшил ҳудудларни лозим даражада сақлаш бўйича ташаббускор жисмоний ва юридик шахслар билан ўрнатилган тартибда шартномалар тузилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!