“Капиталбанк”да рус тилини билмайдиганларга хизмат кўрсатилмайдими?

“Капиталбанк”да рус тилини билмайдиганларга хизмат кўрсатилмайдими?

Тошкентлик фотограф Элёр Неъмат ўзининг Facebook саҳифасида “Капиталбанк” билан боғлиқ нохуш вазият ҳақида ёзди. Элёр Неъматга кўра, банк ходими у ўзбек тилида мурожаат қилгани учун хизмат кўрсатишдан бош тортган.

Одатдагидек ўзбек тилида бошлаган гапимни эшитган 8-дарча ходими менга бепарво нигоҳ билан, қўпол оҳангда: “Ўрнингизни ўзгартирингдеб ёнидаги 9-дарча йўналтирди”.

Мижоз банк ходимидан шартноманинг ўзбек тилидаги нусхасини сўраган, лекин банк мутасаддилари шартноманинг ўзбекча версиясини топиб бера олмаганлар.

Шартнома тўлиқ рус тилида экан, унда ўзбек тилида бирорта ҳам жумла йўқ. Шу шартноманинг ўзбек тилидаги версиясини олишим мумкинми? — деб сўрадим.

Феруза, такаббурона жилмайиб менга қараб турди, шу йўсинда бир неча дақиқа давом этди, мен эса мулойимлик билан саволни такрорладим:

 Демак рус тилини билмайдиган одамлар шартнома шартлари билан танишиш имконига эга эмасларми?

— Мен сизга ҳаммасини оғзаки таржима қилиб бераман – деди Феруза.

 Йўқ, шартноманинг расмий ўзбекча версияси бўлиши керак – дедим мен.

Шундан сўнг банк ходими мижозни бўлим бошлиғи Баҳром Пўлатов билан гаплашиб кўришга таклиф қилади. Мижоз ундан ҳам айни саволни сўрайди.

Оддий саволдан ҳайратда қолган Баҳром ака 20 сония сукутдан кейин менга жавоб берди:

 Биз ҳаммамиз рус тилини биламиз-ку. Ўзбекчаси нимага керак?

 Рус тилини яхши билмайдиган одам сизга мурожаат қилса, ушбу шартномада нима ёзилганини қандай тушуниши мумкин?

...Баҳромнинг ноаниқ жавобларидан кейин мен саволни яна такрорладим:

 Нима учун Ўзбекистон фуқаролари сизнинг банкингизда ўзбек тилида шартнома тузиш имкониятидан маҳрум?

Мижоз бўлим бошлиғидан ушбу масала бўйича катта бошлиқлардан сўраб билиб беришини талаб қилган.  

“— Раҳбарият шартноманинг ўзбекча версияси таржима қилиниш жараёнидалигини айтди – деди Баҳром.

 Қачон бўлади? Бир ҳафтада икки ҳафтада, бир ойда? Текшириш учун қачон келсам бўлади?

 Биз билмаймиз, — деди ҳали ҳануз гаранг бўлиб турган Баҳром.

 Ўзбек тили рус тили каби муҳим эмасми? Рус тилини билмаган одамлар нима қилишлари керак?

Баҳром жим турар эди ва телефон орқали таржима қилиш жараёни ҳақида жавобни ўйлаб топган раҳбар исмини айтишдан бош тортди.

Элёр Неъмат постини шундай хулоса билан якунлаган:

Капиталбанк рус тилини билмайдиган мижозлар билан мутлақо қизиқмайди. Агар сиз рус тилида етарлича гапира олмасангиз, унда улар сиз ва сизнинг ҳуқуқингизга тупуриб қўйган. Чунки сиз қандай шартларга имзо чекаётганингизни ҳам билмайсиз. Рус тилини менинг ота-онам каби яхши билмайдиган нафақахўрлар бу хўрликларга чидашдан бошқа иложи йўқ...

Элёр Неъматнинг бу мулоҳазалари ижтимоий тармоқда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Постга изоҳларда “Капиталбанк” раиси ўринбосари Сергей Гимадиев бу нохуш ҳолат учун узр сўраган ва тез орада муаммо ҳал қилинишига ваъда берган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!