Исроил ҳужуми натижасида Ғазодаги 212 та мактаб вайрон бўлди - БМТ

Исроил ҳужуми натижасида Ғазодаги 212 та мактаб вайрон бўлди - БМТ

Исроил Ғазо секторидаги шиддатли бомбардимонлари натижасида анклавдаги 212 та мактабга "тўғридан-тўғри зарба” берди. Буни чоршанба куни БМТ тузилмалари ва унинг ҳамкорлари томонидан чоп этилган таҳлилий ҳисоботи натижалари тасдиқлайди, деб ёзади Xinhua.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), Education cluster ва Save the Children ташкилоти маълумотларига кўра, сунъий йўлдошдан олинган суратлар 2023 йил 7 октябрда бошланган можародан бери камида 53 та мактаб “бутунлай вайрон қилинган”лигини кўрсатди. Бундан ташқари, февраль ойининг ўрталаридан бери мактаб биноларига ҳужумлар сони 9 фоизга ошган.

Ҳисобот муаллифларининг қайд этишича, “Исроилнинг ҳаво, қуруқлик ва денгиздан кучли бомбардимон қилишлари” туфайли “мактаб ҳудудига ҳужумлар сонининг кўпайиши” Ғазодаги шу пайтгача оғир гуманитар вазиятни янада оғирлаштирган.

Ғазо секторида жами 563 та мактаб биноси бор. Тўғридан-тўғри зарар кўрган 212 та мактабдан 165 таси Исроил армияси томонидан эвакуация қилиниши учун белгиланган ҳудудларда жойлашган.

Маълумотларга кўра, Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнус туманида 62 та, Дайр ал-Балоҳ туманида 14 та, Ғазо секторида 94 та ва Шимолий Ғазо секторида 42 та мактаб тўғридан-тўғри зарбага учраган.

"Ғазодаги ўқувчилар олти ойдан бери мактабга бормаяпти", деди БАПОР чоршанба куни БМТ иштирокидаги ҳисобот эълон қилингандан сўнг. Ташкилот тақдим этган маълумотларга кўра, ўтган йилнинг 7 октябрига қадар мактабларда 625 мингдан ортиқ ўқувчи, 22 минг нафар ўқитувчи бўлган.

Ҳисоботда, шунингдек, 2023 йил 7 октябрдан буён 320 дан ортиқ мактаб бинолари кўчирилганлар томонидан бошпана сифатида фойдаланилгани қайд этилган. Ушбу объектларнинг 188 таси тўғридан-тўғри зарбага учраган ёки йўқ қилинган.

Ҳисобот муаллифларининг айтишича, можаро тугаганидан кейин Ғазодаги мактабларнинг камида 67 фоизи "ишини давом эттириш учун тўлиқ реконструкция ёки қайта тикланишни талаб қилади".


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!