Ғазода ўлдирилган журналистлар 160 йилдаги барча урушлардан кўпроқ

Браун университетининг Уотсон институтида ўтказилган “Уруш харажатлари” лойиҳасининг янги тадқиқотига кўра, сўнгги олти ой ичида Ғазода сўнгги 160 йилдаги барча йирик урушлар, жумладан Америка фуқаролар уруши, иккала жаҳон уруши, Корея, Ветнам, Югославия, Афғонистон ва бошқаларни жамлагандан кўра кўпроқ журналист ўлдирилган.
Ҳисоботда журналистларга қарши тизимли ҳужумлар қайд этилган ва бу Ғазони матбуот учун энг ҳалокатли жойга айлантиради.
Ал-Жазира, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ва Фаластин Журналистлар уюшмаси маълумотларига кўра, 2023-йил 7-октябрдан бери Ғазода камида 232 журналист ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ўлдирилган. Уларнинг деярли барчаси блокада ва доимий бомбардимон остида ишлаётган фаластинликлардир. Урушнинг биринчи ҳафтаси CПЖ тарихидаги 1992 йилдан бери матбуот учун энг қонлиси бўлди, 37 киши ҳалок бўлди.
“Репортинг қабристони” деб номланган ҳисоботда Исроил ҳарбийлари жисмоний вайрон қилиш ҳамда тизимли равишда қўрқитиш, кузатиш ва дезинформация кампанияларидан фойдаланган ҳолда “матбуотга қарши уруш” олиб бораётгани даъво қилинади. “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотига кўра, камида 35 журналист ўз фаолияти учун нишонга олинган.
Исроил ҳарбийлари Ғазода 90 га яқин таҳририят ва матбуот марказларини вайрон қилди ва интернетга киришни чеклади. Энг шов-шувли ҳолатлардан бири Ал-Жазира оператори Самер Абудакийнинг ўлими бўлиб, у беш соатдан кўпроқ қон кетиб, Исроил кучлари тез ёрдам машинасининг келишига тўсқинлик қилган.
Ғазодаги ҳар 10 журналистдан бири ўлдирилган, бу АҚШдаги 8500 журналистнинг ўлимига тенг. Шу билан бирга, хорижий ОАВ учун секторга кириш деярли бутунлай ёпилган. БААдан гуманитар карвон билан келган CNN мухбири Кларисса Уорд каби истиснолар жуда кам учрайди.
Ҳисоботда, шунингдек, киберҳужумлар, ҳисобларни блокировка қилиш ва Ҳамасга алоқадорликда ёлғон айбланаётган фаластинлик журналистларга туҳмат қилиш ҳам ҳужжатлаштирилган. Муаллифларга кўра, бу "оммавий блокада" яратиш ва содир бўлаётган воқеалар ҳақидаги мустақил далилларга ишончни йўқ қилишга қаратилган.
Ҳисобот журналистларни ҳимоя қилиш учун шошилинч халқаро чоралар кўриш, жумладан, уларнинг ўлдирилиши учун жазосиз қолишни тугатиш ва уруш шароитида ягона ахборот манбаи бўлиб қолаётган маҳаллий мухбирларни қўллаб-қувватлаш билан якунланади.