Amnesty International хатарли тенденция ҳақида бонг урди

2024 йилда дунё бўйлаб 1518 та қатл амалга оширилди. Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти бу 2015 йилдан буён кузатилган энг юқори кўрсаткич эканига эътибор қаратган. Халқаро ташкилот ўлим жазоси ижроси билан боғлиқ рақамлар бундан ҳам кўп экани, чунки айрим давлатлар статистикани ошкор этмаслигини таъкидлаган.
Amnesty International ҳисоботига кўра, 2024 йилда ижро этилган ўлим ҳукмларининг 91 фоизи Эрон, Саудия Арабистони ва Ироққа тўғри келади. Эронда йил давомида камида 972 киши (2023 йилда 853 киши) қатл этилган.
Саудия Арабистонида 345, Ироқда эса 63 киши ўлим жазосига мустаҳиқ этилган.
Халқаро ташкилот экспертлари фикрича, Хитойда ҳам ҳар йили минглаб ўлим ҳукми чиқарилиб, ижро этилади. Аммо Хитойда ўлим ҳукмига оид рақамлар давлат сири сифатида қўриқланади. Пекин ҳукумати коррупция, гиёҳвандлик моддалари савдоси каби жиноятлар учун ўлим жазосини татбиқ этиб келади.
Вьетнам ва Шимолий Кореяда ҳам ўлим ҳукми кенг қўлланиши, аммо ушбу икки давлат ҳукумати ҳам реал рақамларни ошкор этмаслиги айтилади.
Ғарб демократик давлатлари орасида АҚШда ҳалигача ўлим жазоси ижро этилмоқда. Қўшма Штатларда 2024 йилда 25 киши қатл этилган, аммо Amnesty International буни ҳам хавотирли тенденция деб ҳисоблайди. Қолаверса, 2024 йилдан Жанубий Каролина, Жоржия, Юта ва Индиана штатларида қатллар қайта йўлга қўйилди. Алабама штатида ўлим жазоси азотдан фойдаланган ҳолда амалга оширилаётгани ҳам танқидий баҳоланмоқда.
Европа давлатлари орасида биргина Беларусда ўлим ҳукми ижро этилади. Россияда ўлим ҳукми бекор қилинмаган, аммо унга мораторий эълон қилинган. Россия амалдорлари ўлим ҳукмини қайта йўлга қўйиш кераклиги ҳақида баёнотлар бериб туради.