Трампнинг янги тарифлари ўз чўнтагига ҳам зиён келтирмоқда

АҚШ Президенти Дональд Трампнинг бойлиги ўзи жорий этаётган импорт божи билан боғлиқ янги тартиб туфайли аллақачон тахминан 500 миллион долларга камайган. Бу ҳақда “Forbes” нашри ёзди.
Маълумки, бошқа мамлакатлардан кириб келадиган маҳсулотларга алоҳида тарифлар қўллаш тўғрисидаги фармон асосида энг кам ставка 10 фоиз қилиб белгиланган. Аксарият мамлакатлар юқори миқдордаги божга дуч келишди. Энди қатор давлатлар расмийлари АҚШга қарши жавоб чоралари кўрилишини таъкидламоқда.
– Ўтган ҳафта Трамп глобал савдо урушини бошлаб берди, – дейилган мақолада. – Биринчи “отилган ўқ” нафақат бошқаларга, балки унинг ўзига ҳам тегди. 2 апрель, яъни йирик тўлов жорий этиш режаси эълон қилинган куни “Forbes” Президентнинг бойлигини 4,7 миллиард долларга баҳолаган эди. Орадан бир ҳафта ўтмай, бу миқдор 4,2 миллиард долларга тушиб кетди.
Зарарнинг салмоқли қисми “Trump Media and Technology Group” компанияси чекига тушган. Ўтган пайшанба куни компания акциялари тахминан 5 фоиз арзонлашгач, Дональд 170 миллион доллардан айрилди. Унинг кўчмас мулки қиймати 90 миллион доллар камайди. Вазият гольф майдонлари билан боғлиқ активга ҳам таъсир қилган, чунки профессионал гольфчилар учун комтокча, таёқ ва либос ҳам чет элдан келтирилади.
Иқтибос сифатида келтирилган ички маълумотга кўра, Трамп маблағига асосий таҳдид “белни маҳкамроқ боғлаш” ёки ўзбекча айтганда “кўрпага қараб оёқ узатишга тўғри келиши билан боғланяпти. Зеро, энди унинг гольф клублари аъзолари харажат ва тўловларини қисқартира бошлайди.