Тошкентда мактаб директори ўқувчининг ота-онаси билан жанжаллашди

Ижтимоий тармоқларда Миробод туманидаги 213-мактаб директори ва ота-оналар жанжали акс этган видео лавҳалар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумот берди.
Унга кўра, видеода акс этган ҳолат 2025 йил 7 апрель куни тахминан соат 14:40 лар атрофида Миробод туманидаги 213-сонли умумтаълим мактаби директори хонасида рўй берган.
Аниқланишича, Қўйлиқ ота маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи К.Ф. 213-мактабда ўқимаслигига қарамай бир неча марта мактабга кириб, ўртоқларининг дарсда ўтиришига халақит бергани учун мактаб директори I.С. уни таълим муассасаси ҳудудидан чиқариб юборган.
Жорий йилнинг 7 апрель куни кўп маротаба огоҳлантирилишига қарамай, К.Ф. яна мактаб ҳудудида дарс вақтида собиқ синфдоши билан учрашган. Бунинг гувоҳи бўлган директор К.Ф. билан гаплашиб турган унинг тенгдоши 10-синф ўқувчиси А.га танбеҳ берган.
Шу куни К.Ф. нинг отаси ўз турмуш ўртоғи билан мактаб директори кабинетига бостириб кирган. “Баратхўжа” МФЙ маҳалла профилактика инспектори А.Д. нинг бир неча марта огоҳлантиришига қарамай, улар директорга ҳурматсизлик қилиб, уни сўкиб, туҳмат гаплар билан ҳақорат қила бошлашган. Видеодан кўриш мумкинки, директор ҳам уларни сўкиб, ҳақоратлаган.
Бундан асабийлашган мактаб директори ота-онани ўз хонасидан чиқиб кетишларини талаб қилган. Юқорида содир бўлган воқеадан сўнг, мактаб директори унга ҳурматсизлик қилган ва шаънига нолойиқ сўзлар билан ҳақоратлаган фуқаро К.Ф.нинг хатти-ҳаракатлари юзасидан унга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраб ички ишлар идораларига ариза билан мурожаат қилган.