G20 якуний декларацияси: Украинадаги уруш қораланди

G20 якуний декларацияси: Украинадаги уруш қораланди

G20 мамлакатларининг кўпчилиги Украиндаги урушни қоралади ва ядровий қуролдан фойдаланиш ҳамда шунга оид тахдидларни қабул қилиб бўлмас эканлигига урғу берди.

Индонезиянинг Бали оролидаги G20 Саммитида иштирок этган барча етакчилар тўқнашувларга тинчлик йўли билан ва инсон ҳуқуқларига боғлиқ ҳолда барҳам беришга чақирди.

G20 Саммитининг якуний декларацияси етакчиларнинг икки кун давом этган мажлисларидан сўнг, 52 модда шаклида эълон қилинди. Декларацияда саммит дунёдаги бир қанча инқирозлар даврида ўтказилгани алоҳида таъкидланган.

Халқаро ҳуқуқ, тинчлик ва барқарорликни таъминловчи кўп томонлама тизимни қўллаб-қувватлаш зарурлиги қайд этилган декларацияда "Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилоти низоми ва халқаро инсон ҳуқуқлари қонуни тамойилларига боғлиқ ҳолда тинч аҳоли ва қуролли инфратузилмани ҳимоя қилишни ўз ичига олади. Ядро қуролидан фойдаланиш ёки у билан боғлиқ таҳдидларни қабул қилиб бўлмайди. Можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш, дипломатия ва мулоқотни давом эттириш ҳаётий аҳамиятга эга. Ҳозирги аср уруш даври бўлмаслиги керак", — каби ифодалар ишлатилган.

Лавров саммит якунланмай туриб у ерни тарк этди

Декларацияда кўплаб аъзолар Украинадаги урушни қоралади, унинг инсоний азоб-уқубатлар ва жаҳон иқтисодиётидаги мавжуд заифликларни чуқурлаштиргани таъкидланди.

"Уруш ўсишни чекламоқда, инфляцияни ошириб, таъминот занжирларини узмоқда, энергия, озиқ-овқат ва молиявий инқироз хавфини кучайтирмоқда. Шунингдек, вазият ва санкциялар бўйича турли қараш ва фикрлар мавжуд. G20 хавфсизлик масалаларини ҳал қиладиган форум эмаслигини эслатиш билан бирга, хавфсизлик муаммоларининг иқтисодиёт учун муҳим оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тан оламиз", — дейилади саммит якуний декларациясида.

Саммитга Россия номидан қатнашган ташқи ишлар вазири Сергей Лавров якуний баёнот лойиҳасидаги бу каби баёнотларга эътироз билдирди ва сешанба куни кечқурун юртига жўнаб кетди. Ёпилиш маросимида Россия томонидан молия вазири Антон Силуанов иштирок этди.

Декларацияда G20 глобал иқтисодиёт учун ушбу муҳим даврда зарур ва аниқ қадамлар қўйиши кераклиги таъкидланди.

Декларацияда энг паст ривожланган ва ривожланиб бораётган кичик орол-давлатларни глобал муаммоларга қарши қўллаб-қувватлаш давом эттирилиши таъкидланди ва бу мақсад доирасида яхлит бир ривожланишни таъминлаш учун 5 та қадам қўйилиши қайд этилди.

Шунингдек, декларацияда можаролар фонида озиқ-овқат инқирозининг янада чуқурлашувидан хавотир билдирилганча, қуйидагилар қайд этилади: "Шу сабабли, ривожланиб бораётган мамлакатлардаги заиф жамиятларни марказга қўйиш орқали ҳаётларини қутқариш, очарлик ва овқат етишмовчилигини олдини олиш учун шошилинч чоралар кўришга мажбурмиз. Биз барқарор, чидамли қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимларини таъминлашга чақирамиз. Туркия ва БМТ воситачилигидаги Истанбул келишувидан мамнунмиз. Барча манфаатдор томонлар келишувни тўлиқ, ўз вақтида ва доимий равишда амалга ошириш муҳимлигини таъкидлаймиз".

Геосиёсий, энергетик ва инфляцион инқирозлар билан бир қаторда иқлим инқирозига ҳам эътибор қаратилган декларацияда, иқлимни яхшилаш бўйича бюджет ажратиш кераклигини эслатиб, "Ривожланган мамлакатларнинг иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш учун 2020 йилдан бошлаб бериш мажбуриятини олган йиллик 100 миллиард доллар маблағни сафарбар қилишга чақирамиз", — деб таъкидланади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!