Франция мусулмон болаларини таълимдан маҳрум қилмоқда: «Ал-Кинди» мактаби ёпилди

Лён чеккасида жойлашган хусусий мусулмон мактаби «Ал-Кинди» ёпилиш арафасида. Франция ҳукумати унинг давлат билан тузилган шартномасини бекор қилди ва молиялаштиришни тўхтатди. Натижада, 600 дан ортиқ ўқувчи таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлиши, 30 нафар ўқитувчи эса иш ҳақисиз қолиши мумкин.
10 январь куни префект Фабиен Буччио мактабнинг ёпилишига сабаб сифатида «таълим ва маъмурий бошқарувдаги бузилишлар» ҳамда «Республика қадриятларига зид ҳаракатлар» борлигини кўрсатди.
Мактаб кутубхонасида икки дона «радикал» деб баҳоланган китоб топилган, шунингдек, ўқитувчилардан бири You Tube'даги чиқишлари билан баҳс-мунозара уйғотган.
💬 «Бу бузилишлар "Ал-Кинди" мактабининг "Мусулмон биродарлар" ҳаракати ғоялари билан яқинлигини кўрсатади, бу эса Республикамиз қадриятларига зид», — дейилади префектура баёнотида.
Ўтган йили худди шундай қарор билан Лилл шаҳридаги «Аверроэс» мусулмон мактабининг давлат ёрдами бекор қилинган эди. Судга мурожаатларга қарамай, мактаб ўқиш нархини икки баравар оширишга мажбур бўлди, натижада ўқувчиларнинг ярми кетиб қолди.
Францияда мусулмонлар сони 6,8 миллион (аҳолининг 10%) бўлсада, атиги 127 мусулмон мактабидан 10 таси давлат томонидан молиялаштирилади. Таққослаш учун, 7045 та католик мактаби давлат ёрдами билан фаолият юритиб, 2 миллион ўқувчига таълим бермоқда.
«Католик мактабларини 15 йилда бир марта текширишади, мусулмон мактабларини эса ҳар йили», — дейди «Ал-Кинди» мактаби директори Абделуахаб Бакли.
Мактаб маъмурияти молиявий ёрдам йиғиш кампаниясини бошлади ва аллақачон 255 минг евро тўплади. Экспертлар бундай сиёсат ноқонуний таълим муассасаларининг кўпайишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.