Фарғонада йўл ҳаракати қоидасини 16 марта бузган фуқародан 7 млн сўм жарима ундирилди

Фарғонада йўл ҳаракати қоидасини 16 марта бузган фуқародан 7 млн сўм жарима ундирилди

Фарғона вилоятининг Ёзёвон тумани, Хонобод қишлоғида яшовчи М.А. ўзига тегишли бўлган Hyundai автомашинасида 2019 йил август ойида Марғилон шаҳрида ҳаракатланиб кетаётган вақтида йўл ҳаракати қоидасини бузиб, 2020 йил 20 октябрь кунига қадар ҳуқуқбузарликлари сонини 16тага етказиб улгурган.

Бироқ у ўзи содир этган бирорта ҳуқуқбузарлик учун тайинланган маъмурий жарималарни ихтиёрий равишда тўламаган. Мажбурий ижро бюроси Ёзёвон туман бўлими томонидан ҳуқуқбузар М.А.га нисбатан жами 16та маъмурий жарима жазосини қўллаш тўғрисидаги қарорлар асосида тайинланган умумий 6 967 000 сўм жаримани ундириш бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилган.

Қарздор бир неча маротаба огоҳлантириш олган бўлса-да, жаримани тўламаган ва автомашинани фақат Марғилон шаҳрида бошқариб юраверган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари билан 20 октябрь куни ўтказилган тезкор тадбир жараёнида М.А. автомашинасида ҳаракатланиб кетаётган вақтида ушланган ва автомашина жарима майдончасига олиб кирилган. Шу куннинг ўзида у 6 967 000 сўм маъмурий жаримани тўлиқ тўлаб берган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 332-1-моддасида ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб ўн беш кун ичида жарима миқдорининг етмиш фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод этилиши белгиланган.

Қоидабузар фуқаро қонунда белгиланган бу имтиёзли қоидадан фойдаланганида 4 867 900 сўм жарима тўлаган ва 2 090 000 сўм маблағни ўзи ҳамда оиласи учун тежаб қолган бўлар эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!