Етти ёшида Қуръонни ёд олиб, тўққиз ёшида ҳадис ёзган имом

Етти ёшида Қуръонни ёд олиб, тўққиз ёшида ҳадис ёзган имом

Ўз асарлари ва яхши фазилатлари билан ибрат бўлувчи олимлардан бири, буюк аллома Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий ҳозирги Эрон мамлакати ҳудудидаги Табаристон вилоятида ҳижрий 224 йилда таваллуд топган. 

Имом Табарий айтади: “Етти ёшимда Қуръонни ёд олдим, саккиз ёшимда одамларга намоз ўқиб берардим, тўққиз ёшимда ҳадис ёзардим” (Ёқут Ҳамавий. “Муъжамул удабо”).

Имом Табарий қандай қилиб саккиз ёшида қавмга имом бўлди?! Бу ҳақда олимнинг ўзи шундай дейди: “Отамнинг тушларида мен Расулуллоҳ олдиларида тош билан тўлдирилган халта билан турган эканман. Тошларни Расулуллоҳ олдида туриб отардим. Отам таъбир қилувчилардан сўраган экан, у: “Ўғлингиз катта бўлса диндор бўлиб, Пайғамбар шариатини ҳимоя қилади”, дебди. Шундан сўнг отам мени ўқитишга ғайрат қилдилар” (Ёқут Ҳамавий. “Муъжамул удабо”).

Имом Табарий муҳаддис, муаррих, муфассир бўлди, болалигидаёқ тафсир ёзишни қасд қилди. Тафсирлари йигирма жилддан кўпроқдир.

Ўн икки ёшида эса, отасининг ижозати билан илм олиш мақсадида сафарга жўнайди. Бу ҳижрий 236 йилга тўғри келади.

Ўша пайтда илм маркази бўлган Бағдодга борган Муҳаммад ибн Жарир машҳур олим Аҳмад ибн Ҳанбал билан учрашиш орзусида бўлади, лекин Аҳмад ибн Ҳанбал вафот этган бўлиб, у киши билан учраша олмайди. Шундан сўнг унинг илм олиш йўлидаги сафарлари бошланиб кетди. Бу сафар Хуросон,

Ироқ, Шом (ҳозирги Сурия, Ливан, Фаластин, Иордания) ва Миср бўйлаб давом этди.

Илм ўрганиб, муайян даражага эришган Муҳаммад ибн Жарир ўз юртига қайтди ва шу ерда то умрининг охиригача одамларга илм улашди. У ҳақда ўз даврида ва ундан кейин машҳур олимлар томонидан илиқ фикрлар айтилган, таржимаи ҳолига, одатларига доир муҳим маълумотлар ёзиб қолдирилган.

Шулардан бири машҳур имом Абу Бакр ал-Хатибга тегишли бўлиб, у ўзининг “Тарихи Бағдод” китобида шундай ёзади: “Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарий... шундай олим эдики, сўзлари ҳукм ўрнида қабул қилинарди, унинг раъйига мурожаат қилишарди. У ўз асрида ҳеч ким муваффақ бўлмаган даражада илм олди ва уларни ёзди. У Қуръони каримни тўла ёд олган, қироат турларининг барчасини чуқур ўзлаштирган, уларнинг маъноларини теран ўрганган олим эди. У ҳадис илмида ҳам беназир бўлиб, саҳобалар, тобеинларнинг ҳаётлари, ҳақида ҳам ҳаммадан яхшироқ билар эди”.

Имом Абу Бакр ибн Ҳузайма айтади: “Ибн Жарирнинг тафсирини бошидан то охиригача ўқиб чиқдим. Билдимки, Ер юзида ундан олимроқ одам йўқ”.

Имом Табарий мана шундай юксак эътирофларга сабаб бўлган “Тафсир”ини етти йил давомида шогирдларига айтиб туриб ёздирган. Ал-Хатиб ал-Бағдодий шундай дейди: “Али ибн Убайдуллоҳ ас-Симсимийдан эшитдимки, ибн Жарир Табарий қирқ йил давомида ҳар куни қирқ варақдан китоб ёзган”.

Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий илм талаби билан мусофирликда юрган чоғларида кўп қийинчилик ва машаққатларни бошдан кечирган. Ҳатто, очлик ва йўқчилик зўрлик қилган пайтларида, отаси юборган пул кечикканида кийиб юрган кўйлагининг енгини кесиб сотган ва шунинг пулига нон сотиб олиб еган. Чеккан машаққатлари сабабли у киши зеҳни кучли, фикрлашга салоҳиятли олим бўлиб етишди. Тарих, араб тили, мантиқ, алгебра, тиб илмларида ҳам чуқур маълумотга эга эди. Унинг ўта тақводор ва тавозеъли бўлгани манбаларда зикр этилган. Ибн Жарирнинг гўзал ахлоқи ҳақида “Адаб ан-нуфус ал-жаййида вал ахлоқ ан-нафиса” асарида шундай дейилади: “У ҳамиша банд бўларди. Одамлар уни умуман бўш ҳолатда топа олмас эдилар. У ўзи китоб тасниф қилишдан ташқари, талабаларга ҳам илм ўргатар, уларга турли маълумотларни ёздирар эди. Бундан ташқари ҳар кеча уйқуга ётиш олдидан

Қуръоннинг тўртдан бир қисмини, балки ундан зиёдроғини ўқир эди. Мен ибн Жарирдан кўра Қуръонни чиройли, тажвид қоидаларига тўла амал қилиб ўқийдиган одамни кўрмадим”.

Шогирдларининг айтишича, Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий аср намозига қадар ўзи китоб ёзган, кейин асрдан шомгача шогирдларига айтиб туриб ёздирган, шомдан хуфтонгача илм берган ва хуфтонни адо этиб уйига кирган. У зот вақтини жуда ҳам тартибли равишда илм олиш ва таълим беришга тақсимлаб, шунга қатъий амал қилган.

Имом Табарий ҳижрий 310 йил шаввол ойида 86 ёшида вафот этди. Аллоҳ у зотни раҳматига олсин.

Manba: azon. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!