Экилган сочлар умрбод тўкилмайди...ми?!

Экилган сочлар умрбод тўкилмайди...ми?!

📌 Бугунги кунда соч тўкилиши — турли ёшдаги инсонларни қийнаётган жиддий муаммо. Маълумотларга кўра, ҳозир дунёда аёлларнинг 75 фоизи, эркакларнинг 50 фоизи айнан шу касалликдан азият чекмоқда. Натижада соч экиш — энг талабгир тиббий хизмат турларидан бирига айланди.

❓Хўш, сочлар тўкилишининг асосий сабаблари нима? Ушбу амалиётнинг неча тури бор? Экилган толалар умрбод тўкилмайдими?

👨‍⚕️Ушбу саволларга Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт маркази шифокори, трихолог Миннура Қодирова жавоб берди.

🩺 — Одатда соч тўкилиши мунтазам давом этувчи ҳолат ҳисобланади, — дейди мутахассис. — Яъни меъёр бўйича бир кунда ўртача 80-100 тагача тола тўкилиши мумкин. Агар бу ҳолат тезлашиб, янги толалар ўсиб чиқиши камайса, албатта, хавотирланиш лозим.

👨‍👩‍👦 Соч тўкилишига олиб келувчи омиллар жуда кўп. Энг аввало, бу ирсият билан боғлиқ. Яъни ота-оналардан бирида бундай муаммо бўлса, у фарзандга ҳам ўтиш эҳтимоли юқори.

🔴 Қолаверса, баъзида соч ўчоқли, яъни танга-танга бўлиб тўкилиши ёки умумий сийраклашиши мумкин. Айрим эркакларда эса андроген алопеция (тепакаллик) учрайди. Бундай касаллик гормонлар фаолияти бузилиши ҳамда ирсият билан боғлиқ.

🔬 Тангали соч тўкилиши ёндош касалликлар ҳисобига юз бериши, гемоглобин камайганда, ҳомиладорликда, наркоз олишда ва асабийлашганда кузатилади.

🦠 Сурункали инфекциялар, сил, ўсма касалликлари, нурланиш, стресс, касб билан боғлиқ ноқулай шароитлар, нотўғри парвариш, витамин ва бошқа муҳим моддаларнинг етишмаслиги, айрим дориларни қабул қилиш ҳамда ошқозон-ичак трактининг патологиялари ҳам ушбу муаммони юзага чиқаради. Табиийки, бундай ҳолатларда кўпчилик инсонлар соч экиш амалиётига мурожаат қилади.

🖇 Ушбу даволаш турининг икки хил — жарроҳлик ва FUE усули мавжуд. Биринчи усулда соч тери билан кесиб олиниб, графтлар битта-битта тола илдизларга ажратилади ва алоҳида жойлаштирилади.

❇️ FUE — бу чоксиз, кесмаган ҳолда трансплантантларни олиш ва киритишнинг микрожарроҳлик усули бўлиб, бугунги кунда мана шу даволаш тури кенг қўлланилмоқда. Унда 1-4 толадан иборат соч гуруҳлари беморнинг энса соҳасидан ёки тананинг бошқа қисмларидан олинади.

‼️ Агар ушбу амалиётдан кейин шифокорларнинг тавсияларига тўлиқ амал қилинса ва даволанишнинг бошланғич муддатидан яхши ўтиб олинса, кўп ҳолларда экилган толалар қайта тўкилмайди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!