Долзарб. Тирикчилик ғамида ғайридин давлатларга бориш ҳукми

Долзарб. Тирикчилик ғамида ғайридин давлатларга бориш ҳукми

Бугуннинг долзарб муаммоларидан бири - тирикчилик ғамида ажнабий мамлакатларга, хусусан ғайридин давлатларга бориш, кўчиш ва айрим ҳолларда фуқаролигини олишдир. Бунга туртки бўлаётган омиллар ҳаммага маълум. Масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор-ки, буни билиб қўйиш ҳам муаммонинг ўзидек долзарб. Яъни, мазкур мақсадда ажнабий ва ғайридин давлатларга кўчиб боришнинг шаръий аҳкомлари қандай? Қуйидаги сатрлар шу ҳақда.

Ғайридин давлатларга кўчиб бориш масалаларида ҳукм ҳолатга қараб ўзгаради. Агар мусулмон киши ўз ватанида бегуноҳ ёки жиноятсиз ҳолда жавобгарликка тортиладиган ёки зулм қилинадиган бўлса, ўзига ўша мамлакатлардагина омонлик кўрадиган бўлса, ғайридин мамлакатга кўчиб бориб, фуқаролигини олиш жоиз. Шу шарт биланки, амалий ҳаётида динини муҳофаза қилсин, мункар ўринлардан узоқда юрсин.

Шунингдек кишига ўз ватанида зарурий тирикчилик ўтказиш манбаи ё воситалари топилмаса, бу ҳолда ҳам юқоридаги шартлар билан унинг кўчиши жоиз. Зеро, тирикчилик учун ҳаракат қилиш ҳам зиммадаги фарз. Шариат эса тирикчиликка уннаш муайян жойда бўлиши кераклигини белгилаб бермаган. Шундай экан, у қаерда бўлса ҳам Аллоҳнинг фазли-ризқни топишга ҳаракат қилиши мумкин.

Агар киши ғайридин мамлакат кишиларига исломни етказиш ёки ўша ердаги мусулмонларга шариат аҳкомларини ўргатиш учун кўчиб бориб, фуқаролигини қабул қилса, бу иши жоиз бўлишидан ташқари савобли амал ҳамдир.

Аммо кишига ўзининг мусулмон ватанида тирикчилик қилиш воситалари бўла туриб, ғайридин давлатга ана шу мақсадда, балки янада яхши ҳаётни кўзлаб кўчадиган бўлса, бу иши кароҳиятдан холи эмас. Баъзи олимлар ҳатто буни ҳаром ҳам дейишади. Чунки бунда ўзини кенг тарқаган мункар ишларга рўбарў қилиш, диний-ахлоқий таназзул хатарини заруратсиз зиммага олиш кабилар мавжуд. Тажрибадан маълумки, ажнабий давлат фуқаролигини шунчаки фаровонлик учун қабул қилганларда ички диний назорат камайиб кетади, куфрона йўлдан урувчи ҳолатлар олдида ўзини тутолмайди. Асосийси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳолатдан қайтарганлар.

Абу Довуд Самура ибн Жундабдан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: Ким мушрик билан жамланса ва у билан яшаса, у унингдекдир . Бошқа бир ҳадиси шарифда: Мушриклар ичида истиқомат қиладиган ҳар қандай мусулмондан мен бариман (безорман) , дейдилар. Абу Довуд ривояти.

Бу ҳолатнинг айниқса энг ёмон жиҳати, мусулмон киши ўзининг зурриётини бузуқлик, динсизлик ва муртадлик хатари билан юзлаштиради. Кейинги пайтларда АҚШ ва айрим Европа мамлакатларида истиқомат қилаётган ватандошларимиз фарзандларининг диёнати ва келажагидан қаттиқ хавотирга тушиб қолганларига гувоҳ бўлмоқдамиз. Статистикага кўра мазкур давлатлардаги муҳожирларнинг иккинчи ва учинчи авлоди ўз аслидан, динидан анчагина узоқлашиб кетаётгани маълум бўлмоқда. Бу тўғрида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: Зурриётингизни душман ортида қолдирманг! деган таълимот мавжуд. Абу Довуд ривояти. Шундан келиб чиқиб фуқаҳолар мол-дунё илинжида Дорул-ҳарб аҳолисини кўпайтириётган мусулмоннинг адолати соқит бўлади ва гувоҳлиги рад этилади, дейишади. Булар мусулмон ҳаққида жуда ҳунук ҳолатлардир.

Шу ўринда тирикчилик илинжида муҳожиротда юрган ватандошларимизга тавсия. Россия, Корея ва Ғарб давлатларидан кўра мусулмон мамлакатларда иш излаганингиз маъқул. Масалан Амирликлар, Саудия, Қатар, Уммон, Малайзия ва Индонезия каби мамлакатларда иш топса бўлади. Туркияда ишлар кам маошли (400-500$ атрофида) бўлса-да, аммо ўзлигингиз, динингиз ва ахлоқингизни сақлаб қолишингиз осонроқ ва мункар ишларга камроқ рўбарў бўласиз. Мусулмон учун бу ҳаёт ва мамот масаласи, агар англаб етса.

Шу маънода яна бир тоифа борки, улар Ғарб давлатларига маҳлиё бўлганлари, уларнинг тараққиётидан фахрланганлари ва мусулмонлардан афзал билганлари учун бу мамлакатларга кўчишади. Бу ҳолатнинг ҳукми мутлақ ҳаром бўлиб, бунга далил келтиришга эҳтиёж ҳам йўқ.

Мубашшир Аҳмад

Manba: azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!