"Бошпанам бор. Бугун қаерда тунни ўтказаман экан, деб қайғурмайман" — Самарқанддаги "Саховат уйи"да мужассам меҳр

"Бошпанам бор. Бугун қаерда тунни ўтказаман экан, деб қайғурмайман" — Самарқанддаги "Саховат уйи"да мужассам меҳр

Халқимизда “Кексалик кўприк”, деган нақл бор. Инсон кексайгач, ҳамма учун бирдек суянчиқ, маслаҳатгўй, дуогўйга айланади.

Афсуски, ҳаётнинг турли синовларию, тақдирнинг кутилмаган зарбалари бор. Бу синовлар кутилмаганда инсон бошига тушиши, уни эсанкиратиб қўйиши мумкин.

Шундай ҳолларда инсоннинг атрофида унга суянчиқ бўладиган фарзандлари, яқин кишилари, ҳаттоки бошпанаси бўлмаса-чи? Орамизда шундай инсонлар йўқ дейсизми? Бор албатта. Ана шундай бошпанасидан, фарзандлари меҳрию эътиборидан, жигарлари дийдоридан бенасиб қолган отахону онахонлар тақдири ҳақида ҳикоя қилишни лозим топдик.

"Бошпанам бор. Бугун қаерда тунни ўтказаман экан, деб қайғурмайман" — Самарқанддаги "Саховат уйи"да мужассам меҳр

Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги томонидан журналистлар учун Самарқанд вилоятидаги “Саховат уйи”га пресс-тур уюштирилди. У ерда бир оиладек ҳамжихатликда яшаётган кексалар билан суҳбатлашдик.

"Бошпанам бор. Бугун қаерда тунни ўтказаман экан, деб қайғурмайман" — Самарқанддаги "Саховат уйи"да мужассам меҳр

Якка ёлғиз инсонлар ҳамиша давлатимиз ҳимоясида, эътиборида, эъзозида. Бу ерда яшаётган 148 нафар отахону онахонларнинг турфа хил тақдири, кечмиши бор. Улар тақдирлари ҳақида бизга сўзлаб беришди. Кексаларнинг ҳикоялари, кечмишлари кимгадир сабоқ бўлса, яқинларининг виждонини ўйғотса, не ажаб...

Ражаб ота Иномов, 70 ёш:

"Бошпанам бор. Бугун қаерда тунни ўтказаман экан, деб қайғурмайман" — Самарқанддаги "Саховат уйи"да мужассам меҳр

– “Саховат уйи”га ўтган йили 9 май куни келдим. Фарзандларим, аёлим бор. Аммо улар анча йиллар олдин Қримга кўчиб кетишган. Аёлим рус. Яқинларим Қримга кўчиб кетамиз, дейишгач, яшаб турган уйимни сотиб, пулини уларга бердим. Бунга анча йиллар бўлди. Ўзим қоровуллик қилиб, ўша ерда яшаб юрардим. Кексайиб, кучдан қолгач, кўчада қолдим. Ёлғиз ўғилман. Ака-укаларим, опа-сингилларим йўқ. Борадиган эшигим бўлмагач, шу ерга келдим. Худога шукр, бу ерда барча шароитлар етарли. Бошпанам бор. Бугун қаерда тунни ўтказаман экан, деб қайғурмайман. Ўзимга ўхшаган дўстларим кўп. Улар билан яшаш қийин эмас.

Мавжуда опа Эргашева, 64 ёш:

"Бошпанам бор. Бугун қаерда тунни ўтказаман экан, деб қайғурмайман" — Самарқанддаги "Саховат уйи"да мужассам меҳр

– Ота-онам оламдан ўтиб кетгач, бир ўзим қолдим. Ёлғиз фарзандман. Ўз кунимни кўриш учун таниш-билишларнинг уйларида болаларига, касал ота-оналарига қараб, кун ўтказиб юрдим. Кўрпа-тўшак қавидим, далаларда ишладим. Меҳнатим ортидан одамлардан баъзида раҳмат, баъзида ҳақорат ҳам эшитдим. Турмушга чиқиб, оила қуриш ҳақида ўйламадим, шу пайтгача ёлғизман. Меҳнатга яроқсиз бўлиб қолгач, шу ерга келиб яшай бошладим. Бу ерга келгач оиламни топдим, меҳр нималигини ҳис қилдим. Хонамда иккита бемор аёл бор. Уларга ҳам қўлимдан келганича ёрдамлашаман. Улар билан опа-сингилдек бўлиб кетдик.

Агар ҳозир менга кимдир ўзингизга уй олиб бераман, бориб яшайсизми, деса йўқ дейман. Чунки мен бу ерда оиламни, яқинларимни топдим. Меҳр нималигини шу ерда ҳис қилдим. Шу ёшимгача ҳеч кимдан илиқ гап эшитмаганман. Доим одамларни кўзларига термулиб, нима дер экан, деб ҳадик билан яшаганман. Бу ерда тунда иссиққина ўрнимда хотиржам ухлаб, эрталаб яхши кайфият билан ўйғонаман. Мен каби ёлғизлар учун шундай имконият яратаётган инсонларга катта раҳмат.

Фарҳод Давронов, 70 ёш:

"Бошпанам бор. Бугун қаерда тунни ўтказаман экан, деб қайғурмайман" — Самарқанддаги "Саховат уйи"да мужассам меҳр

– Мен Ғиждувондан келганман. Уч нафар фарзандларим, 9 та набирам бор. Аёлим арман миллатига мансуб. У билан келишолмай қолгач, Россияга кўчиб кетишди. Фарзандларим мени ҳам кўчиб боришимни айтишди, совуқ ўлкада яшашга ўрганмаганман. Кетолмадим. 15 йил ёлғиз яшадим. Қарз бўлиб қолгач, ҳовлимни сотдим. Ижарада яшаб юргандим, бетоб бўлиб қолгач, қаровсиз қолдим. Бир пиёла иссиқ чойга зор бўлдим. Даволанишим учун дори-дармонга ҳам пулим йўқ, оғир аҳволда қолгандим. Ҳокимлик ёрдамида шу ерга келиб яшаяпман. Ҳозир соғлиғим яхши.

Зариф Сатторов, 67 ёш:

"Бошпанам бор. Бугун қаерда тунни ўтказаман экан, деб қайғурмайман" — Самарқанддаги "Саховат уйи"да мужассам меҳр

– Бу ерга 2017 йилда келганман. Уйланганман, аммо фарзандларим йўқ. Тақдирга тан бериб, ўз кунимни кўриб юрдим. Баъзида иссиқ овқат ичсам баъзида йўқ. Ёнида меҳрибон инсонлари бўлмагач, пала-партиш ҳаёт кечирар экан одам. Айниқса, эркак киши учун ёлғизлик жуда оғир кечади. Дард орттириб олгач, нима қилишимни билмай қолдим. “Саховат уйи”га келиб дардимга анчагина шифо топилди. Болалигимдан хайвонлар боқишга қизиқаман. “Саховат уйи” раҳбари Сурайё Джаватовага қизиқишларимни айтгандим, ҳовли четидан жой ажратиб берди.

У ерда дастлаб қўйхона қуриб, қўй боқдим. “Саховат уйи”даги ошхонадан чиққан пўчоқлар, томорқадаги ўтлар билан бемалол қўйларимни боқаман. Кабутар боқиш жону дилим. Бу орзуим ҳам ушалди. Қўйхонанинг ёнига товуқ, ўрдак, ғозлар учун ҳам жой қурдик. Ҳозир ўрдакларим, ғозларим болалаган. Уларни эрталаб ҳовлига қўйиб юбораман. Ҳар куни эрталаб кабутарларимни осмонга учираман, осмонда гир айланиб, чарх уриб келишади. Кўпчилик кексалар уларни томоша қилишга чиқишади. Умримнинг беш-ўн кунлиги борми йўқми, билмадиму, бу ерда кунларим мароқли ўтяпти. Ҳар куни қушларим билан гаплашаман, уларга дардимни айтаман. Ўзимни енгил ҳис қиламан.

Ўлмас Жўрақулов, 67 ёш:

"Бошпанам бор. Бугун қаерда тунни ўтказаман экан, деб қайғурмайман" — Самарқанддаги "Саховат уйи"да мужассам меҳр

– Ота-онамнинг 12 та фарзанди бўлган. Тақдир тақозоси туфайли улардан фақатгина мен яшаб қолганман. Бу ерга келганимга 9 йил бўлди. Оилам бор, аммо улар ҳақида гапиришни истамайман. Менинг ҳақиқий оилам шу ерда. Кўриб турганингиздек, 10 сотихга яқин еримиз бор. Шу ерда деҳқончилик қиламан. “Саховат уйи”да ҳамма шароитлар етарли. Аммо еб-ичиб ётаверсам, қон босимим ошиб қолади. Шу ерга чиқиб экин экаман. Кузда ерларни чопиб, гўнг сепиб қўяман. Баҳорда ерларни яна бир ағдариб, экин экишни бошлайман.

Томорқанинг чеккасига чайла ҳам қуриб, сўри қўйиб олганман. Кечқурун чоллар билан шу ерда гаплашиб ўтирамиз. Пиёз, укроп, петрушка, райхон, ўсма экканман. Кўкатларим ўзимизни овқатимизга етиб туради. Ўсмаларим ҳам роса барқ уриб ўсаяпти, уни “Саховат уйи”даги ҳамшира қизлар, кампирлар қўйишади. Томорқанинг орқа тарафига қовун-тарвуз, ошқовоқ, бодринг экканман. Бодрингларим гуллаб, мева тугишга келди. Мени бу ердагилар “боғбон ота” дейишади. Бу ном менга жуда ёқади. Баҳор келиши билан ҳовлига кўчиб ўтаман. Ерда ишласам, мазза қиламан. Бошқа кексалар ҳам ёрдам беришни исташади, лекин экинларимни билмай юлиб қўйишса ёки оёғи билан босиб олса, жаҳлим чиқади. Шунинг учун ҳар доим ўзим қарайман. Сувдан муаммо йўқ. Ўткан йили олма, шафтоли, нок эккандим. Бу йил анча бўй чўзиб қолишди.

Ўлмас ота боғидаги дарахтлари, ҳосилга кирган экинлари ҳақида шунчалар завқ билан гапирар, уларнинг ҳар бирини бизга кўрсатиб ўтишдан эринмасди. Боғбон ота билан биргаликда анча пайт экинлар оралаб юрдик. Унинг фарзандлари, оиласи борлиги ҳақида эшитгандик. Аммо отанинг гапларини бўлиб, бу ерга келиб қолгани ҳақида сўрашга ботинолмадик. Тўғрироғи унинг эски хотираларини ёдга солишни истамадик. Боғбон отага “Ҳамиша янги орзулар билан яшанг, боғингиз гуллаб яшнасин”, дея ният қилдик.

Манба: ЎзА


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!