БМТ: "Сурияда 12,4 миллион киши озиқ-овқат тақчиллигига дуч келмоқда"
БМТнинг 13 феврал куни берган маълумотлаирга кўра, анчадан бери урушлар давом этиб келаётган Сурияда айни пайтда 12.4 миллион киши етарлича озиқ-овқат топишда қийинчиликларга дуч келмоқда. БМТ ушбу ҳолатни “ташвишли” деб таърифлаган.
“Бу рақам ҳозирда Сурия аҳолисининг 60 фоизи озиқ-овқат масаласида хавфсиз эмаслигини англатади” дея хабар берди БМТ таркибидаги Жаҳон озиқ-овқат дастури 2020 йил охиридаги натижаларига асосланиб.
Сурияда ўтган йилнинг май ойида 9.3 миллион киши озиқ-овқат етишмаслигидан азият чекарди. Бир йилда бундай одамлар сони 3 миллионтадан кўпроққа ошган.
«Ҳозирда сурияликлар ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ очлик, қашшоқлик ва озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосига дуч келишмоқда. Кўпчилик оилаларнинг ҳаёт учун зарур бўлган асосий озуқага эга эмаслиги ташвишли ҳолат» дейди, Жаҳон озиқ-овқат дастури вакили Жессика Лоусон.
Ўн йилдан бери давом этаётган уруш Сурия иқтисодини вайрон қилди ва инфлация даражаси кескин ошиб кетди. 2021 йилнинг бошига келиб Сурияда озиқ-овқат нархи уруш бошланишидан олдинги нархдан 33 бараварга ошган.
Сурияда 2011 йилда бошланган уруш ҳозиргача 387 минг кишининг ёстиғини қуритди ва миллионлаб тинч аҳолини ўз уйларини тарк этишларига мажбур қилди.