Баҳс: Профессор Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг фикрига кескин қарши чиқди!

Баҳс: Профессор Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг фикрига кескин қарши чиқди!

Филология фанлари доктори, профессор Самихон АШИРБОЕВ бугунги кунда компетентли кадрлар тайёрлаш ва иш берувчилар тизимидаги мавжуд долзарб муаммоларни таҳлил қилар экан, Бандлик муносабатлари ва меҳнат вазирининг фикрини кескин танқид қилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг телеграм каналида хабар берилди

XXI аср юксак технологиялар ва жамиятда сиёсий воқеаларга бой аср сифатида тан олинмоқда. Бу аср шуниси билан характерлики, фан-техника, ижтимоий муносабатлар, менежмент каби соҳалар дадил ва қизғин ривожланмоқда, бозор муносабатлари янада авж олмоқда, кадрлар тайёрлашда ҳам мисли кўрилмаган янгиликлар кириб келмоқда. Айниқса, компетентли кадрлар, у ўрта махсус, олий таълим бўлсин, тайёрлашга дунёнинг барча давлатларида, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасида ҳам долзарб масала сифатида қаралмоқда. Бунга ҳаётнинг ўзи мажбур қилмоқда. Ҳа, компетенция ҳар қандай кадрнинг кўрки, унинг жамиятда ўз ўрнини топиб олиши учун муҳим билим ва малакалар мажмуидир. Хўш, Ўзбекистон Республикасида кадрларнинг компетенциясини таъминлаш масаласи ҳал қилинганми? Бу саволга фақат баландпарвозлик билан йўқ деган жавобни берадиганлар ҳам топилиб қолмоқда. Бу сўз турли тоифадаги амалдорлар, кейинчалик ўз ўрнига даъвогар бўлишидан қўрқишга тушган, ўз корхонаси, муассасаси истиқболидаги кадрларини ўйламайдиган шахслар, таълим муассасаларига тош отишга ишқивозлар, яъни ўз ишларининг юришмаслигини таълим муассасасига ағдарадиганлар, бошқача айтганда, шу йўл билан гўё катта шов-шув кўтаришни яхши кўрадиган шахслар нутқида учраб туради. Афсуски, уларнинг барчаси ўз лавозим мажбуриятларини бажаришдаги камчиликлари ёки иш билмасликларини яшириш учун таълим муассасаларини айблаш билан ўз уддабурон ликларини кўрсатмоқчи бўладилар.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллик йилларида, аниқроғи, 2017 йилдан эътиборан, таълим тизимида мисли кўрилмаган даражада тараққиёт юз бераётганини, Ўзбекистондаги таълим мазмуни жаҳоннинг тараққий этган давлатлари ва ўз тажрибаларимиз асосида тубдан ислоҳ қилинганлигини, таълим тизимимиз, унинг сифати нақадар ўсаётганини, тайёрланаётган кадр салоҳиятини хўжалик тизимида кўп йиллар ишлаб, шу тизим билан ўралишиб қолган айрим шахслар пайқамаган бўлишига эндиликда ажабланиш керак бўлмай қолибди.

Тўғри, таълим, шу жумладан, олий таълим соҳасида ҳам амалга ошириладиган ишлар талайгина. Улар модернизация, интеграция, оптимизация ва бошқа жараёнларда дунё амалиёти билан баравар қадам ташлаб бораверади.

Шуни унутмаслигимиз керакки, биз бозор иқтисоди шароитида яшамоқдамиз, таълим йўналишлари, мутахассисликлари ва унинг сифатига, кадрлар рақобатбардошлигига талабни бозор қўяди. Буни ҳозирги кадр тайёрловчи барча муассасалар ва иш берувчилар яхши англаб етган. Афсуски, ҳар соҳада бир қусур деганларидек, таълим сифати ва кадрлар рақобатбардошлиги душмани ҳам бор. Улар таълим муассасаларига тасодифан кириб, ( ўзбекчилик , талабчанликнинг бўшашиши туфайли) аранг битирганлардир. Кадрлар сифати мана шу жойда оқсайди. Унинг сабаблари ва айбдорлари барчага маълум. 2018 йилдан эътиборан қабул қоидаларига янгиликлар киритилиши муносабати билан бу камчиликларимиз ҳам барҳам топишига ишонамиз. Бу тоифа кадр ларини назарда тутиб, таълим тизимига салбий муносабатда бўлиш фақат олифтагарчиликнинг ўзгинасидир. Бу тоифа кадрлар ҳам турмуш талаблари билан кейинчалик яхши мутахассис бўлиб кетишган, бошқаларини эса бозор қабул қилмайди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Иш берувчилар кадрларни чертиб-чертиб олаверсин.

Ҳар қандай таълим муассасаси таълим олувчини Давлат таълим стандарти талаблари (Давлат талаблари) ва унда кўзда тутилган квалификация билан минимум даражада қуроллантира олади, бошқача айтганда, ишлаб чиқаришда ишлаб кета оладиган малакани бера олади. Кейинги гап иш берувчиларнинг ўзига қолади.

Таълим муассасасини тамомлаб, янги ишга борган кадрни муайян иш стажига эга бўлган кадр билан тенглаштириб, ундан тажрибали шахс даражасида ишлашни талаб қилиш, аввало, инсон шахсини таҳқирлаш эканлигини, қолаверса, эндигина ҳаётга кириб келаётган кадрни ўзи эгаллаган ҳунари, ихтисослигидан бездириб юборишини ҳар қандай раҳбар англаб етадиган давр келди. Ўша раҳбар ҳам: Ўқишни битириб ишга келган вақтимда ўзим қандай эдим , деб фикр қилишни унутиб қўймаслиги керакмикан?

Азалдан ҳар қандай корхона, муассаса раҳбарлари ўзига керакли бўлган кадрни топиш ҳаракатида бўлган: таълим жараёнида, яъни амалиёт ўташ даврида, ўқишни тамомлагач, стажёрлик даврида иш фаолиятида зарур бўладиган компетенцияларни уларда шакллантириб олиш анъанаси бор эди ва бу ҳозир ҳам давом этмоқда, аксинча, қониқмаслик синдроми чилар ўйлаганидек, бу ишларга таълим муассасасининг иши деб қаралмаган. Уч ойлик курсни битириб тракторчилик касбини эгаллаши мумкин, лекин у том маънодаги тракторчи эмас-да! Унинг учун тажрибали тракторчи ёнида олган билимларини ҳаётга татбиқ этиш малакасини ҳосил қилиши лозим бўлади. Олий таълим муассасасини битирган шахс ҳам фаолиятининг дастлабки йилида устоз-шогирд тизимида стажёрлик амалиёти борлигини ўша раҳбарларимиз унутишаётган бўлса, яна эҳтимол. Демак, таълим муассасасини битириши биланоқ меҳнат фаолиятини бошлаган кадрга нисбатан бир томонлама ёндашиш мутлақо хато бўлади. Кадр учун, аввало, буюртмачи курашиши керак, ана шунда меҳнат вазирлигига иш қолмайди, қолаверса, танқис хизмат турларига кадрни жалб қилишда бозор иқтисодига асосланилиши мутлақо ҳақиқат бўлиб чиқади. Ана шундагина яхши кадрни иш берувчилар сақлаб қола олади. Зарурият бўлса, Ватанимизнинг муайян соҳалари ривожлантирилган корхона, муассасаларида ва хорижда малака ошириб, қайта тайёрланиб келишларига имконият топишлари ҳар бир раҳбарнинг лавозимгина эмас, балки ижтимоий бурчидир. Оддий тракторчи, кранчи йўқ деб таълим тизимини қоралаш билан унинг мартабаси улуғ бўлмайди.

Ўзбекистон Республикасида таълим тизими ишлаяпти. Ҳа, ишлаяпти! Агар айрим олифталар таъкидлаганидек, таълим тизими ишламаётган бўлса, ўз корхоналаримиз, бизнес ва муассасаларимизни бир четга суриб қўйсак-да, АҚШ, Россия, Хитой, Жанубий Корея ва Европанинг қатор давлатларида юксак технологияларда фаолият кўрсатадиган корхона ва муассасаларида, бизнес соҳасида бизнинг кадрларимизнинг муваффақият билан ишлашаётганлигини синдромчи лар билмаслиги мумкин эмас. Kun.uz сайтининг берган маълумотига (2019 йил 23 апрель) кўра, сўнгги 3 ой давомида Республикамизнинг 900000 фуқароси хорижга ишга чиқиб кетган. Улар билимсиз, етарли компетенцияга эга бўлмаган шахслармасдир? Буни меҳнат вазирлигидагилар атрофлича таҳлил қилиши ва жиддий чора кўриши лозимлигини тушунтириб қўйиш керакмикан? Уларни ўз Ватанимизда иш билан таъминлашни эплай олмаган мутасадди нега таълим тизимидан камчилик ахтаради? Яхши тракторчи, сантехник ва кранчилар ҳам шу мамлакатларда муваффақият билан ишлаб келмоқдалар-ку.

Энди нега яхши мутахассислар кетиб қолмоқда, деган саволга жавоб бериш вақти етди. Жавоб аниқ. Бизда яхши мутахассис ҳам, ўртамиёна мутахассис ҳам меҳнат вазирлиги ўрнатган меъёрлар асосида бир хилда маош олади, эҳтимол, бир разряд фарқи бўлиши мумкин. Тўғри, баъзан рағбатлантириш берилади.

Билимдон раҳбарларимиз кўпинча хориж тажрибаларини эсга олади, лекин компетентли кадр (бу ўринда ўша тракторчи, сантехник, кранчи ҳам кўзда тутилмоқда) меҳнати етарли даражада қадрланмаслигига ким айбдор? Хориж давлатлари тажрибасидаги шартнома тизимининг устуворлиги нега ўрганилмайди? Футбол жамоаларидаги айни бир ҳаракатлар учун маҳорати, жамоадаги ўрни ва бошқа хислатларига асосланиб, ўйинчилар билан осмон ва ердек фарқ қиладиган шартномалар тузилади. Ўз ишининг усталарига нега шу тизимни жорий қилиш мумкин эмас? Бу корхонанинг фойдасига ишлайди-ку! Бундай иш тутилса, ёшлар ўртасида касбларга ва сифатли билим олишга бўлган қизиқувчилар армия сининг кўпайиши аниқ-ку!

Яна бир гап. Қисқа курсларни битирган шахсларни олий маълумотли мутахассисдан устун қўйишда меҳнат вазирлигидаги раҳбарлар ва мажлис аҳли қуюшқондан чиқиб кетибди. Эмишки, кимдир Шарқшунослик ёки Жаҳон тиллари университетининг қизил дипломи билан, кичик қизалоқ эса кўчадан IELTS 6.0 билан олдингизга келса, улардан кейингисини танлаган бўлар эмиш. Ана, Сизга савия! Ахир, хорижий тилларда IELTS 6.0 ва TOEFL дастури ва тестларини бажарган шахсларни ким тайёрлайди? Уларни шу қизил дипломли олий маълумотли мутахассислар тайёрлаётганини наҳотки синдромчи лар унутишган бўлса? Таъкиддлаш жоизки, ҳар бир таълим турида муайян соҳанинг ўз стандарт талаблари ва буюртмачиларнинг талабларига кўра кадр тайёрланади. Шу ўринда Ўзбекистондагина эмас, қўшни давлатларда ҳам эътиборга молик бўлиб келаётган, аксарият кадрлари давлатимизнинг турли раҳбарлик лавозимларида муваффақият билан ишлаб турган Тошкент Давлат шарқшунослик институти, Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети шаънини оёқ ости қилишга ким ҳуқуқ берди экан? Бундай гапларни айтишда жавобгарлик деган ҳис бўлиши керак раҳбарда. У ёки бу тилни, шу жумладан, инглиз тилини таълим муассасасида ўқимай туриб ҳам оилада ўрганиб олганлар озмунчами? Бунда ҳам юқорида эслатилган таълим муассасалари айбдор бўлиб қолаверадими? Демак, Қониқмаслик синдроми чилар учун эндиликда олий маълумотли кадрлар керак эмас экан-да!

Ўзбекистон Республикасида таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларнинг аксарияти халқаро стандартларга мос келади, лекин бу борада муайян ишлар давом этиши керак, аммо Қониқмаслик синдроми чиларнинг таълим сифатини қисқа курсларни битирувчиларга берилаётган ҳужжат номларидан қидириши мутлақо асоссиздир. Албатта, бундай ёндашув, мантиқ, ҳақиқатдан йироқ, шу билан бирга, айрим ҳужжат номларининг дифференцияланиши асосида ўз мустақил номларига эга бўлиши тўғрисида фикр юритиш мумкин, масалан, гувоҳнома, сертификат, аттестат, диплом каби номланишлар торайтирилиши керак, жумладан, диплом ҳужжати фақат олий таълим ва ундан кейинги таълим ҳужжати сифатида қолиши керак. Хорижий тилдаги ҳужжат номини айнан кўчириш мақсадга мувофиқ эмас, шу маънода инглиз тилидаги Skils Passport номи Ўзбекистоннинг Давлат тили ҳақида ги қонунига хилоф, балки уни ҳужжатнинг инглиз тилидаги нусхасида сақлаб қолиш мумкиндир.

Бизнинг назаримизда, меҳнат вазирлиги таълим муассасаларини очиш билан эмас, балки таълим муассасалари етиштириб берган кадрларни жойлаштиришда воситачилик, кадрлар прогнози каби ўз вазифаларини адо этиши тўғри бўлар эди. Надомат шуки, Қониқмаслик синдроми бошдан охиригача бизни қониқтирмади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!