Асаджон Хўжаев: "Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар билан ҳамкорликни давом эттириш мақсадга мувофиқ"

Асаджон Хўжаев: "Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар билан ҳамкорликни давом эттириш мақсадга мувофиқ"

АОКА директори Асаджон Хўжаев Туркия республикасининг Истанбул шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо ва кузатувчи мамлакатларнинг оммавий ахборот воситалари раҳбар ходимларининг 4-йиғилишида нутқ сўзлади.

"Муҳтарам Фахретдин Алтун жаноблари!

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Хонимлар ва жаноблар!

Аввало, Ўзбекистон Республикасининг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллиги билан барчангизни самимий қутлайман.

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар орасидаги мустаҳкам алоқалар, дўстона муносабатларнинг энг муҳим негизларидан бири сифатида қараладиган ахборот ва оммавий коммуникациялар соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, ахборот маконидаги ютуқ ва муаммоларни ўзаро баҳамжиҳат муҳокама қилиш, интернет тармоғидаги хавф-хатарларга қарши биргаликда курашиш бўйича фикр-алмашиш натижасида санаб ўтса арзийдиган бир қанча ижобий натижалар бўй кўрсатмоқда.

Мен сўзимнинг аввалида Ўзбекистонда сўнгги йилларда ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, сўз ва фикр эркинлигини кафотлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида қисқача маълумот бериб ўтмоқчиман.

Бугун мамлакатимизда “Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат”, деган муҳим ғоя негизида Янги Ўзбекистон барпо этилмоқда. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев белгилаб берган бу улуғвор мақсад асосида республиканинг барча соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан, матбуот эркинлигини, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, оммавий ахборот воситалари фаолиятини ривожлантириш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ушбу муҳим ислоҳотлар ижросини таъминлашда Ҳукумат ва давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликда зарур чораларни кўрмоқда.

Жумладан:

1. Ўтган 3 йилда давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори асосида давлат органлари билан аҳоли ўртасида ишончли алоқаларни ўрнатиш учун 380 га яқин давлат ташкилотларида ахборот хизматлари фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда ахборот хизматларида 1200 нафардан ортиқ ходимлар фаолият юритмоқда.

Матбуот котиблари фаолияти юзасидан ўтказиладиган рейтинг баҳолаш натижалари бўйича сўнгги уч йилда юқори даражали матбуот котибларининг сони 6 баробарга ортди.

Республика бўйича бир йил ичида 8000 дан ортиқ медиа-тадбирлар ташкил қилинди.

Интернет макони ва оммавий ахборот воситаларида аниқланган танқидий материаллар, жамоатчиликнинг сўровига тезкор расмий муносабат билдириш учун 150 дан ортиқ ишчи гуруҳлар тузилган ва бугунги кунда танқидий-таҳлилий материаллар ва жамоатчилик сўровига жавобан давлат органларининг муносабат билдириш статистикаси 93 фоизга етди.

Барча ташкилотларга фақатгина расмий веб-сайт билан чегараланмасдан, ижтимоий тармоқлар, мобил мессенжер ва видеохостингларда ҳам расмий канал ва саҳифалар очиш ва уларни ахборот хизмати ходимлари томонидан фаол юритиш чоралари кўрилган. Шу асосда давлат органларининг интернет, ижтимоий тармоқ ва мобил мессенжерлардаги ахборот манбалари сони
3064 тага етди.

2. Ахборот соҳаси қонунчилигида ҳам босқичма-босқич ислоҳотлар ўтказилмоқда.

Журналистларнинг профессионал фаолиятида ўз-ўзини цензура қилишига йўл қўймаслик ва эркин фикр билдиришни кафотлаш мақсадида Жиноят кодексидан туҳмат ва ҳақорат қилганлик учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси олиб ташланди.

Шунингдек, оммавий ахборот воситалари фаолиятига ноқонуний аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, шу жумладан, мансабдор шахслар томонидан цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.

3. Шу ўринда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказишда барча жараёнлар инсон омилисиз, электрон шаклда амалга оширилаётгани бу йўлдаги яна бир муҳим қадам бўлганини қайд этиш зарур. Бунинг натижасида 2016 йилда оммавий ахборот воситаларининг сони 1437 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб, уларнинг сони 1962 тага етди.

Ҳозирги вақтда интернет журналистикаси ҳам ҳаётимизга тобора чуқур кириб бормоқда. Республикамизда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситаларининг 677 таси веб-сайт сифатида рўйхатдан ўтган.

4. ОАВ, ахборот хизматлари, электрон ва босма матбуот, телерадиокомпаниялар фаолияти бўйича маълумот олиш, ахборот олиш эркинлиги, журналистлик фаолият борасида ҳамда соҳага тегишли аниқ масалалар юзасидан таклиф ва шикоятлар беришни соддалаштириш учун 1213 рақамли Call-марказ ишга туширилди.

5. Ҳудудларда ахборот соҳасига тааллуқли масала ва муаммоларни ҳал этиш, ҳуқуқий эътирозлар ва бошқа мунозарали воқеликларни мустақил равишда давра суҳбати шаклида ўрганиб, мавжуд муаммоларни очиқ муҳокама қилиш учун давлат органларига юбориш тизимини йўлга қўйиш мақсадида махсус “Диалог-майдонча”лар фаолияти йўлга қўйилди.

6. Рост ахборотни саралаб олиш мушкул ва қўшимча ўрганиш талаб этилаётган бугунги кунда жамиятни фейк хабарлардан ҳимоялаш зарурати муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, виртуал оламда сохта, ёлғон хабарлар, суратлар, видеолардан иборат фейк ахборотларни тезда тўхтатилишига эришиш кераклигини инобатга олган ҳолда, antifake.uz ахборот канали фаолияти йўлга қўйилди.

Алоҳида таъкидлаш ўринлики, 3 май – Халқаро матбуот эркинлиги куни “Чегарасиз мухбирлар” халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан 2021 йил учун Матбуот эркинлиги индекси эълон қилинди. Ушбу рейтингда Ўзбекистоннинг ўрни ўтган йилга нисбатан 24 поғонага кўтарилди ва бу юқорилаш кўрсаткичи Ўзбекистоннинг яқин йиллардаги энг яхши натижаси сифатида қайд этилди.

Юқорида санаб ўтилган ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида Ўзбекистон Республикасининг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар билан ахборот соҳасида тажриба алмашгани ва биргаликда зарур фикр-мулоҳазалар юритгани ҳам муҳим ўрин тутади. Хусусан, ўтган 2021 йил апрель ойида Боку шаҳрида Кенгаш Ишчи гуруҳининг VIII-мажлисида ахборот соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида бир қатор долзарб масалалар муҳокама этилган, унда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг расмий ахборот агентликлари ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш, мазкур меморандум доирасида ахборот тайёрлаш ва тарқатишда ўзаро тажриба алмашишга қаратилган ўқув курсларини ташкил этиш, Кенгашга аъзо мамлакатлар медиа марказларига журналистлар ташрифларини ташкил этиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва ахборот хуружларига қарши оқилона курашиш ва бошқа долзарб масалалар борасида кенг ҳамкорлик қилиш шулар жумласидандир.

Албатта, бундан кейин ҳам қуйидаги йўналишларда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар билан ҳамкорликдаги ишларни давом эттиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди:

– Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар теледастурлари, босма ОАВ, ахборот агентликлари, интернет нашрлари маҳсулотлари билан танишиш учун туркий тилли мамлакатлар фуқароларига мақбул шароитлар яратиш;

– ўзаро келишилган қизиқарли мавзуларда қўшма форумлар, семинарлар, конференциялар, давра суҳбатларини ташкил этиш ва ўтказиш;

– тарбиявий аҳамиятга эга телефильмлар, телесериаллар ва мультфильмлар ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорлик ва ахборот алмашинувини олиб бориш;

– ҳар йили электрон ва даврий босма нашрлардан фаолият юритаётган журналистлар танловини уюштириш;

– туризм салоҳияти ва маданий-маърифий ҳаёт жараёнлари, илмий изланишлар натижалари билан аъзо мамлакатлар фуқароларини таништиришга ихтисослашган тематик дастурларни ҳамкорликда тайёрлаш;

– аъзо давлатларнинг миллий кунларида теледастурлар ҳамда бошқа тегишли ҳужжатли фильмлар ва бошқа ахборотларни трансляция қилиш имкониятини таъминлаш мақсадида аъзо давлатларнинг миллий телеканаллари ўртасидаги ҳамкорлик келишувларини ўрнатиш.

Сўзим якунида Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар билан ахборот ва оммавий коммуникация соҳаси, нашриёт-матбаа, кутубхоначилик соҳаларини ривожлантиришда бундан кейин ҳам яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қиламиз.

Эътиборингиз учун раҳмат!"


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!