АПЛнинг ёш ва ёрқин футболчилари номи эълон қилинди

АПЛнинг ёш ва ёрқин футболчилари номи эълон қилинди

Майкл Олисе – "Кристал Пэлас"

Олисе рақиб ҳимоясини ёриб ўтиш борасида жуда яхши натижага эга. Унинг қанотидан бўладиган ҳужумлар одатда омадли якун топади. Арсен Венгер 22 ёшли вингерни бундан беш йил илгари мақтаган эди. Шу нарса ҳам кўрсатиб турибдики, Олисе ажойиб футболчи. Бу мавсум жароҳатлардан қийналаётганига қарамай, у 5 та гол ва 1 та ассистни 9 та баҳсда амалга ошира олди.

Коул Палмер – "Челси"

Палмер нафақат Англияда, балки бутун дунёда ҳам камдан-кам дуч келинадиган феноменлардан биридир. Палмер ёзда 42.5 миллион фунт эвазига "Манчестер Сити" академиясини тарк этганди. "Челси" унга тўланган маблағларга ачинмаса ҳам бўлади. Негаки, у ишончни оқламоқда. Яқин йиллар ичида Палмер АПЛ юзига айланса, ажаб эмас.

Леви Колвилл – "Челси"

Колвилл 20 ёшда. Аммо у аллақачон нималарга қодир эканини исботлай олган футболчи. Ёшига қарамасдан у "Челси" ва Англия терма жамоасида бирдек мавқеига эриша олди. Колвилл ўтган ёзда Англия ёшлари билан Европа чемпионига айланган эди. У ҳам тез орада АПЛдаги энг яхши ҳимоячига бӯла олади.

Расмус Хёйлунн – "МЮ"

Балки Хёйлунн ёшдир. Аммо унинг айби сабабли "МЮ" ёмон натижа қайд этаётгани йўқ. Аксинча, жамоанинг ёмонлиги 20 ёшли ҳужумчига таъсир ўтказмоқда. У ярим мавсум давомида биттагина голга муаллифлик қилди. Аммо ҳаммаси олдинда. Факт шуки, даниялик футболчи рақибларга катта муаммо туғдира олиш қобилиятига эга. Хёйлунн тезкор, масъулиятли, техникали ва зўр якунловчи. Ягона етишмаётган нарса бу тажриба бўлса керак. Бу эса вақт билан келади.

Харви Эллиотт – "Ливерпуль"

20 ёшли ярим ҳимоячи Клопп қўл-остида яхшигина ўса олди. У доимо талаб этилган пайтларда кучли ўйин кўрсатиб келган. Эллиотт Европа саҳнида ҳам яхши даража намойиш этмоқда. Масалан, у анчадан бери 21 ёшлилар терма жамоасига сардорлик қилиб келади. Яқин давр ичида "Ливерпуль" Харви сабабли катта натижаларга эриша бошлайди. Бунга шубҳа йўқ. Муҳаммад Салоҳ Эллиоттни жуда юқори баҳолаган эди.

Кобби Мейну – "МЮ"

18 ёш. Атиги 18 ёш бўлишига қарамай, қийналаётган ва тунд ўйин кўрсатаётган "қизил иблислар" сафидаги ягона аланга бу Мейну эди. Афсуски, мавсум аввалидаги жароҳат уни захирага михлаб қўйди. Акс ҳолда, Кобби аллақачон Эрик тен Хагнинг асосий таркибидан ўрин олган бўларди. Қайтиши биланоқ, у бир неча бор ўзининг нималарга қодир эканини исбот эта олди.



Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!