Академик лицейларга кириш имтиҳонларининг шаффофлиги таъминланади

Академик лицейларга кириш имтиҳонларининг шаффофлиги таъминланади

Академик лицейларда саралаш имтиҳонларини ўтказиш, расмийлаштириш ва натижаларини эълон қилиш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар бермоқда.

Дастлабки танловдан сўнг саралаш имтиҳонлари

Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан дастлабки танлов ҳар йили 10 июнга қадар умумий ўрта таълим мактабларидаги иқтидорли ўқувчилар ўртасида психологик-педагогик ташхис қўйиш усулларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Дастлабки танловдан ўтган ўқувчиларни академик лицейларга ўқишга қабул қилиш учун саралаш имтиҳонлари ташкил этилади.

Саралаш имтиҳонлари шаклига кўра ижодий имтиҳонлар ёки тест синовлари тарзида ташкил этилади. Саралаш имтиҳонларининг қай шаклда ўтишини академик лицейларнинг ўзи мустақил белгилайди. Саралаш имтиҳонлари 10-25 июль саналари оралиғида бўлиб ўтади.

Имтиҳонгача

Саралаш имтиҳонларини ўтказиш муддатлари, фанлар рўйхати ва имтиҳон шакли, баҳолаш мезонлари имтиҳондан 10 кун олдин ўқувчиларга улар таълим олган умумий ўрта таълим муассасаси орқали хабар қилинади.

Академик лицейларга кириш учун синовлар катта сиғимдаги биноларда ўтказилади. Тест жараёнини видеокузатувлар орқали онлайн режимида кузатиб бориш имконияти яратилади.

Саралаш имтиҳони саволлари (топшириқлари) тегишли олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан тузилган эксперт гуруҳ томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Саралаш имтиҳонлари саволлари (топшириқлари) академик лицей директорида сақланиб, уларнинг махфийлиги директор жавобгар бўлади.

Имтиҳонда

Академик лицейнинг айрим таълим йўналишлари хусусиятларидан келиб чиқиб 3 та умумтаълим фанидан тест синовлари ўтказилади.

Ўқувчига бажариш учун ҳар бир фандан 15 та тест саволи берилади.

Ихтисослик хусусиятидан келиб чиқиб йўналишларида 3 та умумтаълим фанидан кўп бўлмаган фанлардан ижодий имтиҳонлар ўтказилади.

Ижодий имтиҳонлар оғзаки, ёзма иш, иншо, баён, диктант шаклида бўлиши мумкин.

Неча балл берилади?

Саралаш имтиҳонлари 0-100 балл оралиғида, ягона кўп балли тизим бўйича баҳоланади.

Баҳолаш мезонлари ҳар бир фанга ажратилган умумий баллар доирасида Эксперт гуруҳ томонидан белгиланади.

Саралаш имтиҳонларининг натижалари тест синовлари ёки ижодий имтиҳонлар ўтказилган куннинг эртасига тегишлилиги бўйича олий таълим муассасаси ёки академик лицейнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади ҳамда академик лицейнинг эълонлар тахтасига илиб қўйилади.

Manba: kun.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!