“Яшил макон” лойиҳаси ва ободончилик бўйича вазифалар белгиланди

“Яшил макон” лойиҳаси ва ободончилик бўйича вазифалар белгиланди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 29 март куни “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги ишлар ҳамда чиқиндиларни бошқаришни такомиллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Бу йил баҳорда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 125 миллион туп кўчат экилиши мўлжалланган. Ҳудудларда боғлар яратиш, йўл бўйларида 10 қатордан дарахтлар экиш бўйича ишлар бошланган. Бу Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида яхши йўлга қўйилган.

Лекин аксарият вилоят ва туманларда дарахт экадиган жойлар ҳалигача белгиланмаган, суғориш ва кўчатга пул ажратилмаган.

Шу боис кеча Вазирлар Маҳкамасида бу масала танқидий кўриб чиқилиб, вилоят ҳокимларининг соҳага масъул ўринбосарлари, туман ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари, тизим ташкилотлари раҳбарларидан 28 нафарига интизомий жазо қўллангани қайд этилди.

Бу борадаги ишлар кўлами вазирликлар кесимида ҳам турлича. Масалан, Мудофаа вазирлиги 100 гектар, Рақамли технологиялар вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги 65 гектардан боғ яратган. Лекин энергетика ва транспорт вазирликларига ажратилган ерларда кўчат тўлиқ экилмаган. Автомобиль ва темир йўл бўйлари, дарё ва канал ёқалари, саноат корхоналари ва ёқилғи қуйиш шохобчалари атрофида ҳам қанча жойлар бўш ётибди.

Умуман, дарахт экишни оммалаштириш бўйича ташаббус ва тарғибот етишмаётгани кўрсатиб ўтилди. Бу борада давлат ташкилотлари билан бирга маҳаллий кенгашлар, Экопартия ва бошқа уюшмалар, маҳаллалар – ҳамма бирдам бўлиб ҳаракат қилса, жуда кўп боғлар яратилиши таъкидланди.

Йиғилишда “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги галдаги вазифалар, янги ташаббуслар муҳокама қилинди.

Юртимизда дарахт экиб, яшиллик яратишни хоҳловчилар кўп. Лекин кўп қаватли уйда яшайдиган одамларда ер йўқ. Бу борада Жанубий Корея тажрибаси асосида Тошкент вилоятида яхши ташаббус бошланган. Унга кўра, туманлар ҳудудидан ер ажратилиб, 30 йил муддатга ободонлаштириш бошқармаларига берилади. Маҳаллий бюджет ҳисобидан томчилатиб суғориш тизими жорий қилиниб, ер тайёр ҳолга келтирилиб, дарахт экиш истаги бор аҳолига таклиф этилади. Ҳар бир кўчат уни эккан одам номига тамғаланади. Дарахтларни парваришлаш учун ободонлаштириш бошқармаси ходими бириктирилади.

Давлатимиз раҳбари бу тажрибани барча вилоятларда амалга ошириш бўйича кўрсатма берди.

Мамлакатимизда 9 минг 452 та маҳалла бор. Жумладан, шаҳарларда 39 мингта кўп қаватли уй мавжуд. Маҳалла фаоллари, бошқарув сервис компаниялари ушбу ҳудудларда кўчатлар экилишига бош-қош бўлиши зарурлиги таъкидланди.

Йўллар ва каналлар бўйидаги ерларни талабгорларга тўғридан-тўғри шартнома асосида 10 йилга бериб, 5 қатордан кўчат эктириш тизими жорий қилинган. Бундан фойдаланиб, ҳозирги мавсумда ҳам кўплаб дарахтзорларга замин яратиш мумкин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!