Япония НАТО билан ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Япония НАТО билан ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Япония стратегик манфаатлари умумий бўлган НАТО ташкилоти билан ҳамкорликни мустаҳкамлашда давом этади, дейилади мамлакат ташқи ишлар вазирлигининг ҳар йили эълон қиладиган “Дипломатия бўйича кўк китоб”ида келтирилган маърузада.

“Хавфсизлик соҳасида халқаро вазият ўзгариб бораётганига жавобан, ҳамда халқаро ҳуқуқ қоидаларига асосланган халқаро тартибни сақлаш ва мустаҳкамлаш учун Япония НАТО билан ишончли стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаб боради, чунки ташкилот билан Япониянинг туб қадриятлари ва стратегик манфаатлари умумий”, - дейилади ҳужжатда.

Китоб муаллифлари эслатишича, 2023 йил июлда бўлиб ўтган НАТО саммитида Япония Бош вазири Фумио Кисида ҳам иштирок этган эди. Ўшанда Япония билан НАТО ўртасида “алоҳида тайёрланган шериклик дастури” бўйича келишувга эришилгани ҳақида эълон қилинган.

“Мазкур келишув кунчиқар мамлакати билан НАТО ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиши ва тўртта устувор соҳани қамраб олиши кўзда тутилган. Улар хавфсизлик соҳасида янги таҳдидларга қарши биргаликда курашиш, ҳамкорликни кенгайтириш ва асосий қадриятларни илгари суришдан иборат. Мазкур соҳа доирасида бир қатор йўналишларни алоҳида келтириш мумкин. Хусусан, келишувда киберхавфсизлик, стратегик коммуникация, фан ва технология соҳалари ҳам бор”, - дейилади китобда.

2022 йилда Кисида НАТО саммитида иштирок этган Япониянинг биринчи Бош вазири бўлди. У альянснинг ўтган йилги учрашувида ҳам иштирок этганди, қолаверса, НАТОнинг жорий йилда Вашингтонда бўладиган саммитида ҳам қатнашиши мумкин, дейилади хабарда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!