Россиядан 6 нафар фарзанди билан мажбуран чиқариб юборилган Ўзбекистон фуқаросига ёрдам кўрсатилди

Россиядан 6 нафар фарзанди билан мажбуран чиқариб юборилган Ўзбекистон фуқаросига ёрдам кўрсатилди

Россиянинг Қозон шаҳри суди қарори билан Ўзбекистонга депортация қилинган 6 нафар фарзандли аёлга ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.

Қайд этилишича Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили номига 9 апрель куни Татаристон Республикаси Болалар омбудсманининг мурожаати келиб тушган. Мурожаатда Ўзбекистон фуқароси Н.Қ (аёл) 20 йил аввал доимий яшаш учун Қозон шаҳрига келгани, ёнғин оқибатида унинг фуқаролик паспорти ёниб кетгани ва Россияда ҳеч қандай ҳужжатларсиз яшагани, Н.Қ.да бу вақт давомида 6 нафар фарзанди туғилгани, Қозон шаҳри туман судининг қарори билан у фарзандлари билан шу йилнинг 5 март куни Россиядан мажбуран чиқариб юборилгани айтилган.

Шу билан бирга, Татаристон Болалар омбудсмани ҳозирда Н.Қ. 6 нафар фарзанди билан Тошкент шаҳрида бошпанасиз ва пулсиз оғир аҳволда эканини ва бу оила ижтимоий ҳамда бошқа турдаги ёрдамга ниҳоятда муҳтожлигини билдирган.

Болалар омбудсмани хорижий сўровда баён этилган ҳолатни атрофлича ўрганиб, вазият юзасидан зарурий чоралар кўрилиши учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ва ИИВга сўров юборган. Агентлик томонидан ушбу мураккаб ҳолат комплекс равишда атрофлича ўрганилиб, Н.Қ. ва унинг 6 нафар фарзандига қатор муаммоли масалаларда манзилли кўмак кўрсатилган.

Жумладан, апрель ойида аёл ва унинг фарзандлари учун энг зарурий биринчи навбатдаги кўмак кўрсатилиб, озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маиший эҳтиёжлари таъминланди ҳамда бугунги кунда бу борада кўмак давом эттирилмоқда.

“26 апрель куни оила вақтинча бошпана уй-жойга жойлаштирилди. Шунингдек, ИИВ томонидан 24 апрель куни Н.Қ.га ва унинг вояга етган фарзанди И.Қ. (2006 йилда туғилган)га шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар расмийлаштириб берилди”, — дейилади хабарда.

Н.Қ. фарзандлари билан Татаристонга тез кунда қайтиш ва фарзандлари у ерда ўз таълимини давом эттириши истагида эканидан келиб чиқиб, ҳозирда унинг барча фарзандларига (2009 йилда туғилган Л.Қ., 2011 йилда туғилган Р.Қ., 2015 йилда туғилган И.Қ., 2017 йилда туғилган И.К., 2022 йилда туғилган А.Қ.) хорижга чиқиш паспортлари расмийлаштириш жараёнида.

Таъкидланишича, Болалар омбудсмани хорижий ҳамкасби билан Н.Қ.нинг Қозон шаҳри судининг депортацияга оид қарорининг юқори инстанцияда қайта кўрилишида Н.Қ. ва унинг Россияда туғилган фарзандларининг қонуний манфаатларини ҳимоялаш юзасидан ҳуқуқий кўмак кўрсатилишига оид музокаралар олиб бормоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!