Ўзбекистон давлат психология университети ташкил этилади

Ўзбекистон давлат психология университети ташкил этилади

Президентнинг “Аҳолига психологик хизмат кўрсатиш ва психология соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар республикада психологик хизмат кўрсатиш ва психология соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб белгиланиши мумкин:

  • мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланиш, ижтимоий ва иқтисодий тараққиёт истиқболларидан, жамият эҳтиёжларидан, фан, маданият, техника ва технологиянинг замонавий ютуқларидан келиб чиққан ҳолда психологик хизматларнинг самарали шакллари ҳамда услубларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
  • ёшлар тарбиясининг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш, шахснинг маънавий камол топишида психологик қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг мустақил онгли касб танлаши ва ўзининг шахсий касбий режаларини шакллантиришга шароитларни яратишга психологик кўмаклашиш;
  • иқтидорли ёшлар салоҳиятларини намоён этишларига кўмаклашиш, уларнинг билиш фаолияти ва қизиқишларини бойитиш, дунёни идрок этишнинг универсал усулларини шакллантириш учун психологик ёрдам тизимини яратиш асосида уларни психологик қўллаб-қувватлаш;
  • аҳолига психологик хизматнинг талаб қилинадиган даражаси ва сифатини таъминловчи меъёрий, моддий-техника ва ахборот базасини яратиш, жумладан, онлайн психологик хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш;
  • аҳоли бахтлилик даражаси, соғлиқни сақлаш, хусусан ментал саломатлик, стрессдан ҳимояланиш йўналишидаги тадқиқотларни амалга ошириш;
  • фавқулодда ҳолатлар шароитида психологик хизмат кўрсатиш, ҳаёт фаолиятида оғир психологик ҳолатларга тушиб қолган хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган тренинг-реабилитация дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
  • болаларнинг мактабгача бўлган даври ривожланиши, идрок, онг ва хулқ-атвор, когнитив ва ижтимоий психология соҳасидаги илғор тажрибаларни ўзлаштириш ва оммалаштириш;
  • психологик маърифат ва маслаҳат бериш фаолиятини тизимли ташкил этиш, унинг узлуксиз методик таъминотини яратиш;
  • тиббий ва клиник психология, психолингвистика, психогенетика, бошқарув психологияси, савдо психологияси, геронтопсихология, кросс-маданий психология, меҳнат психологияси, ташкилий психология каби долзарб йўналишларда кадрлар тайёрлашни ривожлантириш;
  • психология соҳасида замонавий ўқув, илмий ва оммабоп адабиётларни тайёрлаш, нашр этиш ва оммалаштириш ишларини тизимли йўлга қўйиш;
  • ёш психологияси, психофизиология, тиббий психология, психотерапия, патопсихология, дифференциал психология, педагогик психология, психодиагностика, генетик психология каби соҳаларда фундаментал, амалий тадқиқотларни ривожлантириш; 
  • соҳада илмий тадқиқот ишлари самарадорлигини таъминлаш, фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотларни ривожлантириш, илмий мактабларни шакллантириш ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш, илм-фаннинг инновацион инфратузилмасини шакллантириш;
  • психология соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда нуфузли хорижий олий таълим ва илмий тадқиқот ташкилотлари билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш.

Белгиланишича, 2021 йилдан бошлаб босқичма-босқич:

  • республиканинг 14та ҳудудида олий таълим муассасалари ҳузурида хўжалик ҳисобида иш юритадиган аҳолига психологик хизмат кўрсатувчи марказлар ташкил этилади;
  • психология соҳасида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш бўйича қабул параметрлари йилига 30 фоиздан ошириб борилади;
  • психология соҳаси профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимларининг хорижий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида тизимли малака ошириши ҳамда стажировка ўташлари ташкил этилади;
  • туман (шаҳар) маҳаллалари тузилмасида оила психологи лавозими жорий этилади;
  • мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари, олий таълим муассасалари, маҳалла ва оила тизимида фаолият олиб бораётган барча психолог мутахассислар белгиланган тартибда 3 йилда бир маротаба тегишли малака ошириш курсларида ўқишлари ташкил этилади;
  • ўрнатилган тартибда фаолият юритадиган нодавлат психологик маслаҳат муассасалари тармоғи ҳамда онлайн психологик хизматлар кўрсатиш кўлами кенгайтирилади;
  • таълим муассасаларида жорий этиладиган ўқитиш дастурлари ўқувчиларнинг ёш, психофизиологик хусусиятлари, қобилиятлари, қизиқишлари ва эҳтиёжларига мослиги бўйича психологик экспертизадан ўтказилади;
  • Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлигининг Ўзбекистон миллий университетининг “Психология” ва “Социология” кафедралари негизида Ўзбекистон давлат психология университетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.

Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

  • психопрофилактика, психодиагностика, психокоррекция, психологик маслаҳат, психотерапия каби соҳаларида касбий билим, малака ва компетенцияларга эга юқори малакали ва замонавий фикрловчи, меҳнат бозори учун рақобатбардош бўлган олий маълумотли кадрларни халқаро таълим стандартларига мувофиқ тайёрлаш;
  • замонавий таълим дастурлари ва шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ўқув жараёнига илғор педагогика ва ахборот технологияларини ҳамда фан ва техниканинг энг янги ютуқларини қўллаш, илмий-педагогик салоҳиятни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш;
  • психология соҳасида таълим, илм-фан ва амалиётнинг узвий интеграциялашуви учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларга иқтидорли талабаларни кенг жалб қилиш, уларни самарали рағбатлантириш механизмларини жорий этиш;
  • талаба-ёшлар ва профессор-ўқитувчиларда ватанга муҳаббат, унинг тақдирига дахлдорлик, касбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш чора-тадбирларини амалга ошириш, таълим-тарбия жараёнлари ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириб бориш;
  • психология соҳасида профессор-ўқитувчиларнинг республика ҳамда хорижий мамлакатларда стажировка ўташ ва уларнинг малакасини ошириш ишларини мунтазам ташкил этиш;
  • олий таълим, халқ таълими, мактабгача таълим тизимидаги психологлар фаолиятини, олий таълим муассасаларида ташкил этиладиган аҳолига психологик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини методик қўллаб-қувватлаш;
  • хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда республика учун истиқболли бўлган янги йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш ҳамда халқаро лойиҳаларни амалга ошириш.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!