Туркия олий суди Авлиё София ибодатхонасини масжидга айлантиришга рухсат берди

Туркия олий суди Авлиё София ибодатхонасини масжидга айлантиришга рухсат берди

Туркия олий суди Истанбулдаги Авлиё София ибодатхонаси мақоми президент фармони билан ўзгартирилиши мумкинлиги тўғрисида қарор чиқарди. Бу ҳақда Грециянинг Оrthodox Times нашри хабар берди.

Суднинг фикрича, Туркиянинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатуркнинг ибодатхонага музей мақомини бериш тўғрисидаги 1934 йилдаги фармони қонуний ҳисобланади, аммо мамлакатнинг амалдаги президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған бу мақомни сақлаб қолиш ёки ўзгартириш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, Туркия давлат кенгаши ҳам ибодатхонанинг келажаги масаласини кўриб чиққан. Кенгашнинг расмий қарори 15 кун ичида эълон қилинади.

29 май куни, Констанинополнинг қулаши санаси муносабати билан Авлия София ибодатхонасида Қуръон тиловат қилинди. Орадан бир ҳафта ўтгач, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Адолат ва тараққиёт партияси марказий қўмитасига ибодатхонани масжидга айлантириш имкониятини ўрганиб чиқишни топширди.

Эрдўған ўтган йили Авлиё София ибодатхона-музейининг масжидга айлантирилиши АҚШ президенти Дональд Трампнинг Қуддусни Исроил пойтахти ва Жўлан тепаликларини Исроилга тегишли деб тан олиш ҳақидаги қарорига жавоб бўлишини айтганди. 

Авлиё София ибодатхонаси 1934 йилда Туркиянинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатуркнинг қарори билан музей мақомини олган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!