Туркия, Ироқ, Қатар ва БАА Шарқ ва Европа ўртасида энг қисқа йўлни қуришга келишиб олди

Туркия, Ироқ, Қатар ва БАА Шарқ ва Европа ўртасида энг қисқа йўлни қуришга келишиб олди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг 12 йилдан кейин биринчи марта Ироққа қилган расмий зиёрати чоғида Туркия, Ироқ, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида “Тараққиёт йўли” лойиҳаси бўйича англашув меморандуми имзоланди.

“Тараққиёт йўли” лойиҳаси Хитой ва Европа ўртасидаги масофани Сувайш канали орқали ўтадиган денгиз йўлига нисбатан қисқартириб, вақт ва маблағни тежаши кутилмоқда.

“Кемалар Сувайш канали орқали 35 кунда ўтади. Яхши Умид бурни орқали саёҳат 45 кунгача давом этади. Тараққиёт йўли қурилишини якунласак, ташиш вақтлари 25 кунгача қисқаради”, - деди Туркия транспорт ва инфратузилма вазири Абдулқодир Уралўғли.

Ривожланиш йўли лойиҳаси Туркияни 1200 километрлик темир йўл ва автомобиль йўллари орқали Форс кўрфазидаги Ироқнинг Эл Фао порти билан боғлайди.

Ушбу лойиҳанинг биринчи босқичи 2028 йилда фойдаланишга топширилади.

Туркия ва Ироқ ўртасида “янги Ипак йўли” бўлиши мақсад қилинган лойиҳанинг тахминий қиймати 17 миллиард доллар бўлиб, Туркия, Ироқ, Қатар, БАА ва Хитой томонидан сармоя қилиниши кутилмоқда.

Туркия ва Ироқ ҳукуматлари “Тараққиёт йўли” лойиҳасига амалга оширилаётган ишлар (қўшимча портлар қуриш ва ҳар икки давлатда йўл инфратузилмасини қайта ташкил этиш ва ҳоказо) билан бир қаторда 23,8 миллиард доллар сармоя киритади.

Маълумот учун, Туркия президентининг ушбу ташрифи якунлари бўйича Туркия ва Ироқ ўртасида ҳарбий-сиёсий, маданият, таълим, Ислом дини ва бошқа йўналишларда жами 26 та ҳужжат имзоланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!