Тошкент вилоятида рейд тадбирлари ўтказилмоқда

Тошкент вилоятида рейд тадбирлари ўтказилмоқда

Шу кунларда Тошкент вилояти бўйича “Тоза ҳаво” ойлиги ўтказилмоқда. Бундан мақсад Ўзбекистон Республикасининг “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Экологик назорат тўғрисида”ги қонунлари ижросини таъминлаш, ҳавонинг соф ҳолатда бўлишига ҳисса қўшишдир.

Вилоят Экология, атроф-муҳит муҳофазаси ва иқлим ўзгариши бошқармасининг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш шуъбаси маълумотларига кўра, жорий йил “Тоза-ҳаво” ойлигининг биринчи босқичида шаҳар ва туманларда жами 15 мингта автотранспорт воситаси текширувдан ўтказилиши режалаштирилган. Охирги 13 кун ичида ҳудудларда уч мингдан зиёд махсус рейд ташкил этилиб, қонунбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.

Хусусан, ҳаракатдаги постларда автотранспорт воситаларининг токциклик даражаси ва тутун миқдорини ўлчаш ишлари вилоят бошқармасининг балансида мавжуд бўлган газоанализатор ва димомер асбоблари ёрдамида амалга оширилмоқда. Тадбир давомида асосий эътибор йирик автомобиль йўлларидаги экологик назорат текширувларига қаратилган.

Айниқса, “Тошкент – Олмалиқ”, “Тошкент – Бекобод”, “Тошкент – Бўстонлиқ” йўлларида ҳаракатдаги постлар ташкил этилмоқда. Уларда белгиланган режага асосан ишлар амалга оширилмоқда. Ўз навбатида аниқланган экологик носоз автотранспорт воситаларини жойида созлаш ва таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Талабга жавоб бермайдиган автотранспорт воситалари ҳайдовчиларига вилоят ЙҲХ ходимлари томонидан қонуний чоралар кўрилмоқда.

Масалан, жойларда талабга жавоб бермайдиган 65 нафар автотранспорт воситаси эгасига инспекторлар томонидан тушунтиришлар ўтказилиб, огоҳлантириш берилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!