Тижорат банклари ходимлари шахсий автомобилларига ҳам стикер берилиши мумкин

Тижорат банклари ходимлари шахсий автомобилларига ҳам стикер берилиши мумкин

Давлат солиқ қўмитаси карантин даврида корхоналар ишини енгиллаштириш ва узлуксиз фаолият юритиши учун мақбул шароитлар яратиш мақсадида йирик солиқ тўловчиларнинг транспорт воситаларига махсус рухсат берувчи стикерлар берилишини эълон қилди. Унда айтилишича, рухсат берувчи стикерлар йирик солиқ тўловчилар тоифасига кирувчи корхоналар ходимларининг шахсий ёки хизмат автотранспорт воситалари учун берилади.

Тегишли низомга асосан, тижорат банклари ҳам йирик солиқ тўловчилар рўйхатига киритилган. Қўмита сайтидаги йирик солиқ тўловчи корхоналар рўйхатидаги 1620 та корхона ташкилотдан 685 таси тижорат банклари инфратузилмалари ҳисобланади. Демак, адашмаётган бўлсак, банклар ва уларнинг филиаллари ходимлари ҳам, солиқ қўмитаси томонидан ҳар бир ташкилот учун белгиланадиган квотадан ошмаган ҳолда стикер олишлари мумкин. 

Рухсат берувчи ҳужжатни олиш учун фақат онлайн тарзда солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон солиқ хизматлари порталида (https://my.soliq.uz) махсус анкетани тўлдириб ариза бериш мумкин. Автотранспортда ҳаракатланиш учун керак бўладиган махсус QR-кодли рухсатномани принтер орқали чоп этиш лозим. У ариза юборилган кундан бошлаб бир иш куни ичида  шакллантирилади. Рухсат бериш учун ҳеч қандай тўлов олинмайди.

Рухсат берувчи стикер у олинган кундан бошлаб 30 кун мобайнида ҳаракатланиш ҳуқуқини беради.

Автотранспорт воситасидан фойдаланиш учун рухсат берувчи стикер олган ходимлар меҳнат дафтарчасининг нусхаси ва иш жойидан берилган тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиши керак. Ходимларга фақат белгиланган йўналиш бўйича, хизмат мақсадларида соат 9:00 дан 18:00 гача транспорт воситасидан фойдаланишга рухсат берилади.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!