Сирдарёда сув таъминоти собиқ мутахассиси 2,5 млн сўм, Андижонда газ таъминоти ходими 1,5 млн сўм олганида ушланди

Сирдарёда сув таъминоти собиқ мутахассиси 2,5 млн сўм, Андижонда газ таъминоти ходими 1,5 млн сўм олганида ушланди

Сирдарё ва Андижон вилоятларида табиий ресурслардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини бартараф этишни ваъда қилган шахслар ушланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.

Қайд этилишича, департаментнинг Гулистон шаҳар бўлими томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда “Сирдарё сув таъминоти” АЖ Гулистон шаҳар бўлими собиқ мутахассиси Ж.Ғ. фуқаро Ш.Д.нинг нотурар биносига ўрнатилган сув ҳисоблаш ускунаси носоз ҳолатда экани ва сувдан ноқонуний фойдалангани бўйича далолатнома расмийлаштирмаслик эвазига фирибгарлик йўли билан 2,5 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, департамент ҳамда ДХХнинг Андижон вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали Асака туман газ бўлими маҳаллада ишлаш хизмати бошлиғи А.У. фуқаро С.Й.нинг хонадонида табиий газ таъминотидан 2,9 миллион сўм қарздорлигини ўчириб, янги ҳисоблагич ўрнатиши ҳамда бошқа ҳисоб-рақам очиб бериши эвазига ўз хизмат хонасида 1,5 миллион сўмни олган вақтида қўлга тушган.

Департаментнинг Пахтаобод туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса Пахтаобод туман электр таъминотининг электромонтёри Ж.К. фуқаро М.Н.нинг ишончига кириб, яшаш хонадонида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келаётгани бўйича далолатнома расмийлаштирмаслик эвазига муқаддам 200 доллар ва 3 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, яна 600 минг сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Андижонда ишлаб чиқариш цехини электр тармоғига улаб беришни ваъда қилган ЭТК муҳандислари ушланган эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!