Россия ишсиз муҳожирларнинг яқинларини мамлакатга киришини тақиқламоқчи

Россия ишсиз муҳожирларнинг яқинларини мамлакатга киришини тақиқламоқчи

Россияда ишсиз муҳожирларнинг оила аъзоларининг мамлакатга киришини тақиқловчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда, деб хабар бермоқда База телеграм канали. Аввалроқ Давлат думаси спикери ўринбосари Пётр Толстой Россияда ишлаётган хорижлик мутахассисларга ўз оилаларини бу ерга олиб келишни тақиқлаш таклифи билан чиққан эди. Депутат меҳнат муҳожирларига нисбатан «бир кир, бир чиқ» тамойилини қабул қилишни талаб қилмоқда.

Нашрнинг ёзишича, Россия Хавфсизлик кенгаши аллақачон тегишли идораларга, жумладан, Ички ишлар вазирлигига ушбу масалани ўрганиш ва ўз таклифларини тайёрлаш бўйича кўрсатма берган.

Бундан ташқари, яқин орада Россияда мигрантларни ёллашнинг ягона «бошқариладиган ишга олиш» тизими ишга туширилиши мумкин. Бу механизм нафақат Россияда, балки мигрантлар келадиган мамлакатларда ҳам ишга қабул қилиш (тиббий кўрик, рус тилини билиш даражасини текшириш ва ҳ.к.) билан боғлиқ қатор тартибларни назарда тутади. Шундан кейин тасдиқланган мутахассис мамлакатга киради.

«Кадрлар» миллий лойиҳаси, шунингдек, Россия Федерациясига «меҳнат ресурсларини» етказиб берадиган мамлакатлар рўйхатини кенгайтиради. Бундан ташқари, мигрантларни таклиф қилиш «ягона оператор» орқали амалга оширилиши кутилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!