Реновация хусусий мулк дахлсизлигига рахна солмаслиги керак - ЎзЛиДеП

Реновация хусусий мулк дахлсизлигига рахна солмаслиги керак - ЎзЛиДеП

ЎзЛиДеП партияси Тошкент шаҳар ҳокимининг бир қатор туманларда амалга ошириладиган реновация лойиҳалари ҳақидаги қарори бўйича шошмашошарликка йўл қўймаслик кераклигини таъкидлади.

Партия Тошкент шаҳар ҳокимининг пойтахтдаги Мирзо-Улуғбек (26,71 га), Сергели (35,15 га), Шайхонтохур (36,82 га), Чилонзор (5,02 га), Яшнобод (54,67), Яккасарой (13,03 га) туманларида реновация ҳудудларининг чегарасини белгилаш ҳамда ушбу ҳудудда лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида эълон қилинган қарори юзасидан ўз муносабатини билдирди. Муносабатда айтилишича, реновация дастурларини амалга ошириш авария ҳолатидаги қўп қаватли турар жойларни янгилашда муҳим ўрин тутади бу дастурлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган якка тартибдаги турар жойлар ҳамда нотурар жойлар дахлсизлигига рахна солмаслиги шарт.

“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 мартдаги 149-сонли қарори билан белгиланган реновация қоидалари мазмун жиҳатидан кўп қаватли турар жойларда реновацияни амалга ошириш тартибини белгилаб беради.

Бироқ, бу тартибни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли якка тартибдаги турар жойлар ҳамда кўп қаватли турар жойлардан алоҳида нотурар жойларга татбиқ этиш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки, амалдаги қонунларимизда бу борада мулкдорлар ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича аниқ механизмлар назарда тутилган. Бу, аввало,бузилиши белгиланган мол-мулк эгасининг розилигини олиш, мол-мулкнинг бозор қиймати ва етказилган зарар ўрнини олдиндан компенсация қилиш талаби билан боғлиқдир.

Қолаверса, якка тартибдаги турар ва нотурар жойлар ерлари хусусийлаштирилган бўлса, Ер кодекси ҳамда“Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ улар тегишли ер участкалари билан бирга қайта сотиб олинган тақдирдагина реновация қилиниши мумкин” дейилади партия хабарида.

Шунингдек, реновация лойиҳаларини амалга оширишда шошмашошарликка йўл қўймаслик ва бу борада тегишли қонун қабул қилингандан сўнг амалий ишлар қилиш мумкинлиги таъкидланган.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Матбуот хизмати


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!