Қашқадарёда прокурор қабулига борганлар ғалаён кўтаргани айтилган ҳодисага Бош прокуратура муносабат билдирди

Қашқадарёда прокурор қабулига борганлар ғалаён кўтаргани айтилган ҳодисага Бош прокуратура муносабат билдирди

2021 йил 28 август куни ижтимоий тармоқларда «Ўзбекистонда қонун йўқ — прокурор қабулига борганлар ғалаён кўтарди» сарлавҳаси билан видеолавҳа тарқалган. Видеолавҳада Чироқчи туманида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар яқинлари июнь ойида ўлдирилгани, аммо прокуратура томонидан суриштирувлар етарлича ўтказилмаётганини баён қилишган. Бош прокуратура мазкур видеолавҳа юзасидан муносабат билдирди.

Муносабатда ёзилишича, 25 август куни Чироқчи тумани Тарағай маҳалласида яшовчи А.Б. маст ҳолда ўғлига оғир тан жароҳати етказиб, ўлимига сабабчи бўлган. Мазкур ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда Чироқчи тумани ИИБ терговчилари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жорий йил 27 август куни соат 18:00ларда жиноятнинг келиб чиқишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш ва келгусида шу каби жиноятлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида Чироқчи тумани Тарағай маҳалласидаги 27-мактаб биносида Тарағай ва унга қўшни бўлган Лангар маҳаллалари фаоллари иштирокида туман ҳамда вилоят ИИБ масъуллари томонидан муҳокама йиғилиши ўтказилган. Йиғилиш ички ишлар органлари томонидан ташкил этилиб, унда прокуратура вакилларининг иштироки назарда тутилмаган.

Қайд этилишича, ана шу йиғилишга жорий йил 25 июнь куни Лангар маҳалласида содир бўлган жиноятда вафот этган Ж.А.нинг бир гуруҳ қариндошлари келган. Улар жамоат тартибини бузиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига нисбатан туҳмат ва ҳақоратомуз ибораларни ишлатиб, ўзларини прокурор қабул қилишини талаб қилган. Сўнг «Вилоят прокуратураси мажлисга келаман деб келмади», деган асоссиз важлар билан ҳолатни видеога олиб интернет тармоқларида тарқатиб юборган.

«Видеолавҳа орқали ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларни обрўсизлантиришга қаратилган ҳаракатларга қонуний баҳо берилиши таъминланади», дейилади муносабатда.

Бош прокуратура томонидан маълумот берилишича, жорий йил 25 июнь куни «Лангар» МФЙ Тўлақул қишлоғида яшовчи Ж.А. қўшниси – ҳомиладор Н.Ж.га нисбатан куч ишлатиб, уни жинсий алоқа қилишга ундаган. Бироқ юзага келган ҳолатда ўз номусини ҳимоя қилган аёл ёнида бўлган ошхона пичоғи билан Ж.А.га бир марта зарба уриб, уни ўлдирган.

Ушбу ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, ҳозирда Чироқчи туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тергов ҳаракатлари давомида Ж.А.нинг ўлими ҳолати юзасидан Чироқчи туман прокурори томонидан Лангар қишлоғида аҳоли ва жабрланувчилар билан 2 маротаба учрашув ўтказилган. Бундан ташқари, марҳумнинг яқинлари туман прокуратурасида 3 маротаба қабул қилиниб, уларнинг жиноятга Н.Ж.нинг акаси ва отасининг ҳам алоқаси борлиги ҳақидаги тахминлари дастлабки терговда текширилиб, ўз тасдиғини топмагани маълум қилинган.

Таъкидланишича, Ж.А.нинг ўлими ҳолати юзасидан тергов ҳаракатлари устидан вилоят прокуратураси томонидан назорат ўрнатилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!