Қаҳрамон оналарнинг қаҳрамон ўғлонлари яна бир бор хотирланди

Қаҳрамон оналарнинг қаҳрамон ўғлонлари яна бир бор хотирланди

“Нима бўлса бўлсин – уруш бўлмасин” – дея ёзган эди ўзбекнинг ардоқли шоири. Ҳа, Мустақиллик минглаб инсонларнинг пешона тери, орзу ва интилишлари, саъй-ҳаракатлари билан қўлга киритилди. Бу неъмат ҳар қандай шарафдан, гўзал таърифлардан, мақтовлардан баланд туради. Бир сўз билан айтганда, шу юртнинг ҳар бир фуқароси бу кунни ўз туғилган куни сингари нишонлашга, байрам қилишга ҳақли.

Тошкент ҳарбий округи Қўшинлари Қўмондонлиги томонидан ташкил қилинган тадбир ҳам байрам арафасидаги байрамга айланди. Унда юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида жонларини қурбон қилган ўғлонларимизнинг яқинлари, хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила-аъзолари, дўстлари иштирок этди, деб хабар бермоқда Тошкент ҳарбий округи Матбуот хизмати

Тантанали қисмни Тошкент ҳарбий округи Қўшинлари Қўмондони вазифасини вақтинча бажарувчи, подполковник Шокир Хаиров очиб бериб, азиз тупроғимизни кўз қорачиғидай авайлаб, барчага мардлик ва қаҳрамонликда намуна бўлган марҳум ўғлонларимизнинг номи доимо барҳаёт эканини таъкидлаб ўтди. 

Тадбир давомида марҳум ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига Мудофаа вазирининг буйруғига асосан пул мукофотлари тантанали топширилди.

– Ўғлим Эломон кўрсатган жасорат мени доим ғурурлантиради, – дейди қаҳрамон йигитнинг онаси Янглиш ая. – Ўғлим Ватанини ота-онасидан, яқинларидан ҳам ортиқроқ кўрди. Қишлоғимизда унга ўхшашга интилиб, ҳарбий хизматга меҳрга қўйган йигитлар кўпаймоқда. Демак, бизнинг тарбиямиз зое кетмабди. Ҳарбийларимизнинг доимий йўқловларидан бошимиз кўкка етди. Уларга омонлик тилайман. 

Учрашувда Чирчиқ гарнизони ҳарбий оркестр жамоаси ҳамда ҳарбий ансамбл яккахон ижрочиларининг мусиқий чиқишлари, “Навқирон” гуруҳининг дилгир қўшиқлари, сўз усталарининг ажаб суханлари барчага юқори кайфият улашди.

    


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!